Ўзбекистон | 09:17 / 06.06.2020
22927
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимларни сайлаш ҳақидаги петиция 10 мингдан ортиқ овоз тўплади

Электрон жамоавий мурожаат жамоатчилик томонидан етарли миқдорда қўллаб-қувватланганда у тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталари ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Ҳокимларни халқ томонидан сайлаш амалиётини жорий этиш ҳақидаги петиция Mening Fikrim порталида 10 мингдан ортиқ овоз йиғди, энди у парламентга топширилиши керак.

Петиция муаллифининг ёзишича, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш давлат хизматчиларининг фидоийлиги, шижоати, билими ва халқ билан ишлай олиш кўникмасига боғлиқ.

“Бу борада, айниқса, туман ҳокимларининг масъулияти ва мажбуриятлари жуда юқори. Шу сабабли, шаҳар ва туман ҳокимларини халқ томонидан сайлаш амалиётини тезроқ жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

Ижтимоий тармоқлардан маълумки, ҳозирда кўплаб ҳокимларга нисбатан аҳолининг норозилик кайфияти мавжуд. Шу туфайли, ҳудудларда аҳолини бошқарадиган ҳокимларни халқнинг ўзи танлаши ва сайлаш амалиётини жорий этиш зарур.

Шундагина ҳокимларимиз халқ дардини эшитади, у билан бирга ишлайди. Муҳтарам Президентимиз томонидан берилаётган вазифа ва топшириқларини бажаришда ҳам чин дилдан ҳаракат қилади”, - дейилади мурожаатда.

Петицияда айтилишича, ҳар бир туман ёки шаҳардан белгиланган миқдорда номзод танлаб, уларнинг энг маъқулини сайлов ўтказиш йўли билан сайлаш керак. Сайланган ҳоким ишини баҳолашни эса яна ўша халқ зиммасида қолдириш мақсадга мувофиқ. Бу борада алоҳида қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарур.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳокимларни халқ томонидан сайлаш амалиётини жорий этишни таклиф қиламиз”, - дея якунланган мурожаат.

Эслатиб ўтамиз, электрон жамоавий мурожаат жамоатчилик томонидан етарли миқдорда қўллаб-қувватланганда у тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталари ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид