Жаҳон | 07:45 / 07.06.2020
10565
2 дақиқада ўқилади

Бразилия коронавирус бўйича статистикани янгиламай қўйди

Бразилия коронавирусга чалинганлар сони бўйича умумий маълумотларни бермай қўйди. Бу борадаги охирги статистик маълумотлар 5 июнь куни эълон қилинган.

Фото: REUTERS/Bruno Kelly

Таъкидланишича, Бразилия соғлиқни сақлаш вазирлиги бир неча кундан бери ўз сайтида коронавирус бўйича сўнгги кундаги маълумотларнигина бериб борган. Шундан кейин дунё бўйича коронавирус бўйича статистикани бериб борувчи АҚШнинг Жон Ҳопкинс университети 6 июнь куни Бразилия бўйича маълумотларни ўз сайтидан ўчириб ташлаган. Университетда таъкидланишича, охирги 24 соат ичидаги маълумотларни эълон қилишдан маъно йўқ.

Бироқ кейинроқ Бразилия бўйича маълумотлар сайтга қайтарилган. Унга кўра, айни вақтда Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 645771 нафарни ташкил қилмоқда. 

Бразилия президенти Жаир Болсонару ҳукуматнинг Бразилияда коронавирус эпидемияси кўламлари ҳақидаги расмий маълумотларни қисман яшириш қарорини қўллаб-қувватлаган. Унинг фикрича, умумий статистикани янгилаш мамлакатдаги жорий вазиятни акс эттирмайди.  

Болсонару Twitter’да соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус тарқалиши ўчоқларини аниқлаш ва эпидемияга қарши кейинги стратегияни белгилаш учун коронавирус бўйича статистикани йиғишни оптималлаштиришини маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, статистикада хатоликлар бўлмаслиги учун вирусга чалинганлар сони аввалгидек маҳаллий вақт билан соат 17 дан 19 гача эмас, балки 22да эълон қилинади.

6 июнда Болсонару Бразилия АҚШ ортидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини тарк этиши мумкинлигини айтганди. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат агар ЖССТ “соғлиқни сақлаш борасида Бразилияга нима қилишни ўргатса” юз бериши мумкин.

Мавзуга оид