Қашқадарё вилоятидаги «SULTON TEX GROUP» кластери бошига тушган кўргуликлар ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик. Қарши туман ҳокимлиги тумандаги фермерларнинг кластер билан ишлашига тўсқинлик қилиб келмоқда. Ҳозир бу масала туман маъмурий судида кўрилмоқда.
Бу орада Қарши туман ҳокими Мақсуда Мустафоева кластернинг яна бир фаолиятига тўсқинлик қилаётгани маълум қилинди.
Вазият шундай: фермерлар билан ишлашига йўл қўйилмаётган кластер жорий мавсумда фақат ўзига тегишли 1300 гектар майдонда пахта етиштирмоқда. Мазкур ерларнинг 73,6 гектарида Қашқадарё тарихида илк марта томчилатиб суғориш йўлга қўйилмоқда.


Чунки «Насаф» ҳудудидаги мазкур ерда азалдан пахта етиштириш мушкул бўлган. Ерлар унумсиз, Қарши магистрал каналидан насосда икки кўтариш билан сув чиқарилган.
Кластер 140 минг доллар сарфлаб, Туркия технологияси асосида мазкур ерларда томчилатиб суғоришни йўлга қўймоқчи. Айни пайтда замонавий насос станцияси қурилган, магистрал қувурлар ётқизилган, янги трасформатор уланган. Пушта ораларида резина шланглар ётқизилмоқда. Улардан 5 йил давомида фойдаланиш мумкин. Хуллас, иш қизғин.


Ушбу технология жорий этилгач, далаларга сув сарфи 90 фоизга камаяди. Боз устига, канал суви фильтрланиб тозаланиб, насос станциясининг ўзида керакли минерал ўғитлар қўшилиб, гидропоника усулида ғўза ниҳоли остига етказилади.
Бу ҳақда «SULTON TEX GROUP» кластери бош мироби Анвар Бобоназаров бизга ҳикоя қилиб берди.




















