Жамият | 08:52 / 09.06.2020
9170
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда тез ёрдам ходимларини калтаклаган шахс ушланди

Ҳолат юзасидан Сайхунобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

2020 йилнинг 3 июнь куни соат 23:30да Сайхунобод тумани, Дўстлик маҳалласида фуқаро А.Б. ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида олган тан жароҳати юзасидан унинг таниши 27 ёшли Э.Н. тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у тиббий ёрдам кераклигини сўраб Сайхунобод тумани Дўстлик маҳалласига келишликларини маълум қилган вақтида, навбатчи фелдьшер 27 ёшли В.Н. билан ўзаро оғзаки равишда тортишиб қолишиб, телефон орқали бир-бирларини ҳақорат қилган.

Сўнгра тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари чақирувга асосан тез тиббий ёрдам гуруҳи таркибида бўлган навбатчи шифокор 28 ёшли Ж.О., навбатчи фелдьшер В.Н. чақирув бўлган жойга етиб борган вақтда Э.Н. навбатчи фелдьшер В.Н. билан ўзаро тортишиб қолганлиги сабабли уни қўллари ҳамда оёқлари билан танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Шунда, навбатчи шифокор Ж.О. уларни ажратмоқчи бўлган вақтида Э.Н. шифокорни хам қўллари хамда оёқлари билан танасининг турли жойларига уриб унга тан жароҳати етказган.

Натижада навбатчи фелдьшер В.Н. ва шифокор Ж.О. тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Сайхунобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Э.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Э.Н. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. 

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид