Иқтисодиёт | 14:44 / 11.06.2020
6635
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк: «Трансчегаравий пул ўтказмалари оқими тикланмоқда» 

Май ойида пул ўтказмалари ҳажми апрелга нисбатан 234 млн. долларга кўпайди ва 484 млн. долларни ташкил этди. 

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / ТАСС

Жорий йил апрель ойида чеклов чоралари ва жаҳон бозорларидаги вазиятнинг ёмонлашуви сабабли иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилди. Бу ҳақда Марказий банк хабарида айтилган.

Қайд этилишича, ишлаб чиқаришнинг қисман тўхтатилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг камайиши иқтисодиётдаги ялпи талабнинг қисқаришига олиб келди. 

“Хусусан, банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган ўтказмаларнинг умумий сони сезиларли даражада камайди. Ушбу кўрсаткичнинг пасайиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан апрелда 39,8 фоизни, майда эса 34,7 фоизни ташкил этди. Энг катта пасайиш апрель ойида кузатилган бўлиб, май ойида аста-секин тикланиш кузатила бошланди ва ўтказмалар ҳажми апрель ойига нисбатан 7,6 фоизга ўсди.

Май ойида, шунингдек, тижорат банкларига савдо ва пуллик хизматлардан нақд пуллар тушуми ҳам тиклана бошланди. Хусусан, апрелда банкларга 3,4 трлн. сўмлик нақд пул тушуми келиб тушган бўлса, майда мазкур кўрсаткич 44 фоизга ошиб, 4,9 трлн. сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, май ойида савдо ва пуллик хизмат кўрсатувчи субъектларда терминал орқали тўловлар ҳажми апрелга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 5,2 трлн. сўмга етди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, шу каби ҳолат Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси савдоларида ҳам кузатилди. Жорий йил апрелда савдо ҳажми олдинги ойга нисбатан 9,4 фоизга пасайган бўлса, май ойида 39,7 фоизга ўсди.

Бундан ташқари, трансчегаравий пул ўтказмалари оқими тикланмоқда ва бу ўз навбатида, аҳолининг истеъмол кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. 

“Хусусан, май ойида пул ўтказмалари ҳажми апрелга нисбатан 234 млн. долларга кўпайди ва 484 млн. долларни ташкил этди”, - дейилади маълумотда.

Саноат маҳсулотлари соҳасида май якунлари бўйича ишлаб чиқаришнинг апрелга нисбатан 27 фоиз бандга тикланиши кутилмоқда.  

Шунингдек, дастлабки маълумотларга кўра, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича қурилиш соҳасида ўсиш кўрсаткичлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоиздан зиёдга кўпайиши, қишлоқ хўжалиги соҳасида эса 3 фоиз атрофида юқори бўлиши кутилмоқда.

Май ойида чеклов чоралари юмшатилиши билан вазият яхшилана бошлади ва иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиш тенденцияси кузатилмоқда, дея таъкидлайди МБ.

Мавзуга оид