Ўзбекистон | 00:11 / 11.06.2020
262673
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг тахминий нархи маълум қилинди

Oshan бренди остида ишлаб чиқариладиган автомобиллар нархи тахминан 13 минг доллардан 30 минг долларгача бўлиши кутилмоқда.

Oushan X7 / Фото: Wikipedia

«Навоий» эркин иқтисодий зонасида автомобиль заводи қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Бу ҳақда «Navoiy Motors» қўшма корхонаси раҳбари Шерзод Мўминовга асосланиб, Navoiy Today хабар берди.

Маълум қилинишича, қиймати 12 млн долларга тенг лойиҳа Хитойнинг «Oshan» бренди остидаги автомобилларни йиғиш ва ички бозорга чиқаришни назарда тутади.

2020 йил охиригача автомобиллар йиғиш ва сотиш ишларини бошлаш режалаштирилган.

«Автомобиллар нархи тахминан 13 минг АҚШ долларидан 30 минг АҚШ долларигача бўлиши кутилмоқда», – деган Шерзод Мўминов.

Хабарда «Navoiy Motors» – Ўзбекистон-Австрия қўшма корхонаси экани айтилган. Ўтган ойда ЎзА корхона бош технологи Афшин Шокирийга таянган ҳолда, завод Ўзбекистон-Эрон ҳамкорлигида қурилаётгани ҳақида хабар берганди.

Янги заводда йўлтанламас, пикап, минивен каби кузовли автомобиллар ишлаб чиқарилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, «Жиззах» ЭИЗда «Фольксваген Груп Рус» концерни билан ҳамкорликда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ўзбекистонда Volkswagen автомобиллари сотуви июль ойидан бошланиши режалаштирилган.

Шунингдек, «Қўқон» ЭИЗда Хитой билан ҳамкорликда 2022 йил 1 октябрдан бошлаб электромобиллар ишлаб чиқариш бошланиши белгиланган.

Қўқонда ишлаб чиқариладиган экологик тоза электромобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлиши эълон қилинган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид