Бу борадаги туркум суҳбатларимиз доирасида Яман давлатида фаолият юритаётган яна бир шифокор, акушер-гинеколог Ирина Кан билан боғланиб, суҳбат ташкил этдик.
– Ассалому алайкум Ирина опа, сизга Ўзбекистондан салом! Анъанамизга мувофиқ, дастлаб ўзингиз тўғрингизда маълумот берсангиз.
– Ваалайкум ассалом. Ўзбекистонга менинг ҳам соғинчли саломларим. Ватанимни шу қадар соғиндимки... Мен 1992 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини акушер-гинеколог мутахассислиги билан тугаллаганман. Олган билимим, ишга иштиёқим маъқул бўлган шекилли – клиниканинг ўзида ишлаб қолганман.
Биз тест тизими асосида ўқимаганмиз. Тўғрисини айтсам, мен шу тизимнинг танқидчиларидан бириман. Сабаби, тиббиётга бу услуб тўғри келмайди. Ўйлаб кўринг, бемор ёнидаги шифокорда тўртта ёки бешта жавоб ёки даво чораси варианти бўлмайди-ку! Тиббиёт клиник фикрлашга асосланиши, шифокор барча вариантларни таҳлил қилишга ўрганиши лозим. Мана шу дунёқарашим менга кўп қўл келади.
– Нега айнан Яман давлатини танлагансиз ва қанча вақтдан буён у ерда фаолият юритасиз?
– 2001 йилда Яманда ишлаб юрган дугонам шу давлатга ишга таклиф қилди ва менинг мутахассислигим ҳамда тажрибам билан ишлаб топадиган маошим 600 доллар бўлиши мумкинлигини айтди. Мен бутунлай ҳайратда қолдим. Ўша пайтда қанча маош олишимни айтсам ҳайрон қоласиз – 30 доллар! Яшириб нима қилдим, суюнчи пули беришар, атаганларини чўнтагимга солиб кетишарди. Ўшалар билан қўшиб топганим баъзан 100 долларга яқин бўларди. Лекин беморларга «фалонча берасиз» деб сўрашдан қўрқардим.
Тўғри, 600 доллар маош албатта катта туртки эди, аммо бундан ташқари бошқа давлатларни кўриш, ўзгача ҳаёт билан танишиш иштиёқи ҳам бўлган.
Шундай қилиб, Яманга етиб келдим. Тўғрисини айтсам, дастлаб жуда кучли маданий шокка тушганман. Кўникишим оғир кечган. Маошим ва қўшимча фоизлар билан чиндан ҳам биринчи ойданоқ 700 долларга яқин даромад қилганман.
Қиёслаш учун айтаман, ўша пайтларда ўзимизда 1000 долларга икки хонали уй олиш мумкин эди. Мана, 19 йилдирки қисқа узилишларни айтмаса, асосан шу давлатдаман.
– Ўзбекистон ва Яман тиббиёти ўртасидаги тафовутлар ёки ўхшаш жиҳатлар қандай?

– Ўхшаш жиҳатлари – собиқ иттифоқ шифокорлари кўп ишлашида бўлса керак. Тафовутлар эса жуда катта. Яманда Ўзбекистондаги каби қатор тиббиёт институтлари йўқ, ўзининг шифокорлари мутлақо етишмайди. Давлатнинг бепул шифохоналарида аҳвол қониқарли эмас, бутун тизим асосан нодавлат тиббиётга асосланган.

















