Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар:
Тошкент давлат юридик университети магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни кириш тест синовларисиз қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар инобатга олинади:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилинади;
масофавий, сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича ўқишга базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда қабул қилинади;
базавий олий юридик маълумотга ҳамда давлат ҳокимияти ва марказий бошқарув органларида юридик йўналиш бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимларни ТДЮУ магистратурасига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра, кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади;
“Юриспруденция” таълим йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчиларни ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилиш тартиби жорий этилади;
базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда ўқишга қабул қилинади;








