Бундан ташқари, 1 августдан утилизация йиғими ставкалари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари рўйхати тасдиқланди.

Транспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар ёки Ўзбекистон ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар утилизация йиғими тўловчилари ҳисобланади.

Импорт машинага акциз солиғининг бекор қилиниши ва утилизация йиғимининг пайдо бўлиши нарх-навога қандай таъсир этади? Автомобиль бозорида қандай ўзгаришлар кутилмоқда? Бир неча маркадаги хорижий автомобилларни импорт қилувчи Roodell компанияси бош директори Дониёр Давлетяров билан суҳбатда шу ҳақда сўз борган.

«Ўзбекистонда импорт қилинувчи машиналар бир нечта турларга ажратилган. Масалан, енгил ва енгил тижорий турдаги автомобилларни импорт қилиш учун қандай тўловлар жорий этилгани ҳақида гаплашсак, Россия, Қозоғистон, Белорус ва Украинада ишлаб чиқарилган машиналарни импорт қилишда давлат бож тўлови нолга, акциз солиғи эса 2 фоизга тенг.

Импортдаги акциз солиғининг бекор қилиниши уларга катта таъсир қилмайди. Бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган машиналарнинг импорти учун 30 фоиз давлат божи ўрнатилган. Бундан ташқари, мотор кучининг ҳар бир см/куб учун ҳақ тўланади. Бунга акциз солиғи ҳам ҳисобланган: у ҳам двигатель ҳажмига қараб тўланади. Импорт машиналар тўловининг 60 фоизини давлат божи ташкил этади, акциз солиғи эса 30-40 фоизга тенглашади. Бундан ташқари, алоҳида шаклда ҚҚС тўланади. Шунда, РФ, Қозоғистон ва Украинада ишлаб чиқарилган машина бўлмаса, акциз солиғи бекор қилингани туфайли нархдан 30 фоизга камайиши мумкин», – дейди у.

Россия, Украина, Қозоғистон ва МДҲдаги бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган автомобилнинг ишлаб чиқарилганлиги СТ-1 сертификати билан тасдиқланмаса, улардан бож тўлови ундирилади.