Ҳар куни касалхоналарда минглаб одамлар даволанади. Бироқ бу ерда соғлом одамлар ҳам энг хавфли касалликларни юқтириб олишади. Гап шундаки, эшик тутқичлари ва бошқа объектларни деярли барча ташрифчилар, ҳатто турли инфекция ташувчилар ҳам ушлайди. Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун касалхона ишчилари юзаларни антибактериал воситалар билан артишади. Бироқ келажакда эшик тутқичларини артиш ҳақида унутиш мумкин бўлади.

Австралиялик олимлар бактерияларнинг ташқи қобиғини майдалаб, йўқ қилувчи материални яратишди.

Фото: hi-news.ru

Антибактериал материал

Янги тиббий материал ҳақида ACS Biomaterials Science & Engineering журналида маълум қилинган. Мазкур янги материал учун дераза, фасад конструкциялари, спорт анжомлари, автомобиль ва бошқаларни ишлаб чиқаришда қўлланадиган алюминий қотишмаси асос бўлган. Ана шу материалдан ишланган эшик тутқичи уч соат давомида кенг тарқалган ишқор – натрий гидроксиди билан қайта ишланди.

Ишқор жуда заҳарли модда бўлгани учун алюминий қотишмасининг юзаси кўплаб «тароқча»лар билан қопланди. Бироқ уларни бир қарашда пайқаш қийин, чунки тароқчаларни фақат микроскоп остидагина кўриш мумкин. Одамлар учун мазкур материалдан ишланган эшик тутқичи бирор ўзига хос жиҳати билан ажралиб турмайди, бироқ хавфли бактериялар унинг устига тушганида уларнинг танаси бир неча қисмга бўлиниб кетади.

Қайд этиш жоизки, янги материал хавфсиз бактерияларни ҳам ўлдиради.

Фото: hi-news.ru

Эҳтимол, микроскопик тароқчаларга эга материалнинг ўлдириш хусусияти ҳақида австралиялик олимлар ҳамкасбларидан билишгандир. 2013 йилда австралиялик биофизиклар айрим ҳашоратлар қанотларидаги нотекисликлар «антибактериал» хусусиятга эгалигини аниқлашган. Бактериялар қанот юзасида пайдо бўлганида уларнинг ташқи пўстлоғи бир неча ўткир тароқларга ёпишади ва чўзилишни бошлайди. Охир-оқибат ҳужайра пўстлоғи шу даражада чўзиладики, йиртилиб кетади, ҳужайра ички қисмини озод қилади ва бактериялар қирилиб кетади. Масалан, Psaltoda claripennis ҳашаротининг қанотлари ҳам антибактериал хусусиятга эга.