Ўзбекистон | 18:55 / 15.06.2020
4687
2 дақиқада ўқилади

Битирувчиларнинг 42 мингга яқинида ҳали паспорт йўқ. Улардан тезроқ паспорт олиш сўралди

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев АОКАда ўтказилган брифингда ҳали паспорт ёшига етмаган ва фуқаролиги бўлмаган абитуриентлар ҳақида маълумот берди.

«Бу йилги мактаб битирувчиларининг қарийб 42 мингга яқини ҳали паспорт олмаган. Улар паспорт олиш ёшига етган, лекин ҳали паспорт олмаган. Бундан ташқари, 359 нафар ёшлар тест ўтказиш жараёнига қадар паспорт олиш ёшига етмайди.

Биз паспорт олиш ёшига етган битирувчиларнинг ота-оналаридан паспорт олишни тезлаштиришни сўраган бўлар эдик. Чунки паспорт олган абитуриентнинг маълумотлари Ички ишлар вазирлиги тизимига киритилади ва бу база Давлат тест маркази базаси билан бирлаштирилади. Бунинг билан онлайн ҳужжат топширишда муаммо бўлмайди», деди Беҳзод Мусаев.

Унинг таъкидлашича, 148 нафар битирувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар саналади. 1095 нафар бўлажак абитуриент эса хорижлик фуқаролардир. Уларнинг онлайн ҳужжат топшириши муаммолари устида иш олиб борилмоқда.

«Бу муаммони ҳал қилиш учун ИИВ, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорликда олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топширмоқчи бўлган, лекин паспорт ёшига етмаган ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга махсус серия, рақам ва шахсий идентификацион рақам бириктирилган маълумотнома бериш устида ишламоқда. Ушбу маълумотномадаги кўрсаткичларни Давлат тест маркази базасига бириктириб бериш устида ишлашга ҳаракат қилиняпти. Бунда фуқаролиги бўлмаган шахс диплом ёки шаҳодатнома билан қайси олийгоҳга кириш нияти борлигидан қатъи назар, ўзига яқин ҳудуддаги олийгоҳга мурожаат қилади», деди бош вазир ўринбосари.

Бундан ташқари, 2020 йил июнь-июль ойига қадар 16 ёшга тўлмаган мактаб, лицей, коллеж битирувчилари туғилганлик гувоҳномаси ва диплом ёки шаҳодатнома билан яшаш ҳудудига яқин олийгоҳга мурожаат қилади. Маълумотлар олий таълим муассасаси томонидан ДТМ базасига киритилади.

Маълумот учун, 2020 йилда республика миқёсида умумтаълим мактабларини 490 мингга яқин ўқувчи 9-синфни, 451,3 мингдан зиёд ўқувчи 11-синфни битирди.

Мавзуга оид