Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, полковник Алишер Тўхтаевич Норбоев Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Алишер Тўхтаевич Норбоев

Мазкур тайинловга қадар полковник Алишер Норбоев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби артиллерия бошқармаси бошлиғи – артиллерия қўмондони бўлган.

Алишер Норбоев 1979 йил 1 июлда Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида туғилган. 2000 йил Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик муҳандислик билим юртини, 2009 йил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясини, 2018 йилда Михайловск артиллерия академиясининг (Россия Федерацияси) малака ошириш курсини битирган.

Полковник Зоиржон Гулимматович Бозорбоев Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг Моддий-техник таъминот бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Зоиржон Гулимматович Бозорбоев

Ушбу тайинловга қадар полковник Зоиржон Бозорбоев Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Моддий-техник таъминот бош бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Зоиржон Бозорбоев 1974 йил 19 сентябрда Хоразм вилояти, Гурлан туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясини тамомлаган.

Полковник Фарҳоджон Ортиқович Шерматов Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимига тайинланди.

Фарҳоджон Ортиқович Шерматов

Бунга қадар полковник Фарҳоджон Шерматов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи эди.

Фарҳоджон Шерматов 1969 йил 25 ноябрда Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида туғилган. 1991 йилда Ленинград олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини, 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясини, 2006 йилда Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Бош штаби академиясини тамомлаган.