https://ok.ru/videoembed/1541378476735

Тошкент вилоятида 60 минг долларга ер сотмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосари қўлга олинди

Тошкент вилояти туманларидан бирида ҳоким ўринбосари вазифасида ишловчи шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 10 гектар бўш ер майдонини 60 минг долларга сотиши ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, ундан 25 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган.

Қайд этилишича, бундан бироз муқаддам ушбу мансабдор шахснинг жиноий алоқаси бўлган кимса ҳам 1 гектар унумдор ер майдонини 100 минг долларга сотаётганда ушланган бўлган.

Хабарда ҳоким ўринбосарининг кимлиги, қайси туман мансабдори ҳақида гап кетаётгани очиқланмаган.

 

Ҳарбий қисм майори 3 минг доллар пора билан ушланди

Тошкент вилоятида жойлашган, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилувчи майор унвонидаги ҳарбий хизматчи маҳаллий фуқародан шартнома асосида ҳақиқий ҳарбий хизматга қабул қилинишига ёрдам бериш эвазига 3 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида у муқаддам бошқа бир фуқарони шартнома асосида ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилиши учун ёрдам беришини ваъда қилиб, 700 доллар олгани ҳам маълум бўлган.

Майор унвонига эга офицернинг бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларини амалга оширишида воситачилик қилган аёл ҳам тезкор тадбир давомида қўлга олинган.

 

Консерваторияга ўқишга кириш учун 5 минг доллар

Тошкентдаги Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги Иқтидорли болалар академик лицейи катта ўқитувчиси ўзганинг ишончига кириб, ундан 5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

У мазкур пул эвазига муқаддам ушбу лицейда ўқиган фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.