Тошкент давлат стоматология институтида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси кўмагида «COVID-19 тарқалиши даврида Ўзбекистон ва Россияда олий тиббий таълим тизимларининг жавоб концепцияси» халқаро илмий-амалий онлайн конференцияси бўлиб ўтди.
Пандемия пайтида тиббиёт олийгоҳларининг хатти-ҳаракатлари ҳақида гапирганда, таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, узлуксиз таълим курслари ва машғулотларни ташкил этиш, анъанавий таълим шаклларини масофавий форматга мослаштириш муҳимлигини таъкидлаш ўринли ҳисобланади.



Пандемия эълон қилинишидан олдин, электрон тиббий таълимга яқин келажакдаги жараён сифатида қаралар эди, аммо ҳаёт зудлик билан масофавий тартибда ишлашни талаб қилди. Республикада 11 та тиббиёт олийгоҳлари фаолият кўрсатмоқда ва ўқув муассасаларига ўқув материаллари ва талабаларнинг узлуксиз масофавий ўқиши учун ўқув материаллари ҳамда шароитлар яратиш вазифаси юклатилди. Шу билан бир қаторда, кўплаб кутубхона фондлари, журналлар таҳририятлари илмий мақолалар, ўқув ва илмий адабиётлардан бепул фойдаланиш имкониятини яратдилар.
Барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг таълим тизими учун масофадан туриб ўқитиш кучли синовнинг ўзига хос турига айланди. Қисқа вақт ичида тиббиёт университетлари талабалари таълими самарадорлигини ошириш мақсадида университет ўқитувчилари ўқув видеоларини ишлаб чиқдилар ва тақдим қилдилар, нормал физиология, анатомия ва гистологияни ўрганиш бўйича виртуал семинарлар ташкил қилдилар. Приволжск илмий-текшириш тиббиёт университети ва Самарқанд давлат тиббиёт институти онлайн-конференциянинг асосий ҳамкорлари ва ҳаммуаллифлари бўлишди.


Анжуман Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи тиббиёт университетлари мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун яхши майдон бўлиб хизмат қилди. Анжуманда 100 дан ортиқ мутахассислар иштирок этишди. Карантин шароитида тиббиёт олийгоҳларининг ўқув, илмий ва амалий фаолиятидаги ютуқлари тўғрисида 14 та маъруза тингланди.



















