Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни, улардан ясалган буюмлар, шунингдек, таркибида қимматбаҳо металл бўлган парча (синиқ) ва чиқиндиларнинг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ташишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни, улардан тайёрланган буюмларни қабул қилиб олиш, сарфлаш, ҳисобга олиш ва сақлаш ҳамда уларни ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларнинг муомалада бўлишида ҳисобот юритиш тартиби тўғрисидаги Низом;

таркибида қимматбаҳо металлар мавжуд бўлган парчалар ва чиқиндиларни тайёрлаш, қадоқлаш, ташиш, қабул қилиш - топшириш шартлари, шунингдек қайта ишлаш учун топширилган қимматбаҳо металларга ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар, улардан тайёрланган буюмларни қабул қилиб олиш, сарфлаш, ҳисобга олиш ва сақлаш ҳамда уларни ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларнинг муомалада бўлишида ҳисобот юритиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, у ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан зиёд бўлган юридик шахсларга (корхоналар) нисбатан қўлланилади:

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни ишлаб чиқариш, илмий, тиббиёт, ҳарбий, ўқув ва ижтимоий-маданий мақсадларда қазиб олувчи, қайта ишловчи, ишлов берувчи, қўлловчи, фойдаланувчи, сотиб олувчи, гаровга қабул қилувчи, баҳолаш, сақлаш, кўрсатилган қимматликларни, турли предметлар ва уларни ташкил этувчиларни кўргазмага қўйиш билан шуғулланувчи, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг парча (синиқ)лари ва чиқиндиларини тайёрловчи ва қайта ишловчи;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасига идоравий мансуб ҳарбий қисмлар, тузилмалар, бўлинмалар, корхоналар ва муассасалар кейинчалик қайта ишлаш – аффинаж корхоналарига жўнатиш учун таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган қисм ва бўлакларни ажратиб олиш мақсадида ҳарбий техника воситаларини утилизация (қисмларга ажратиш) қилувчи бошқа вазирликлар ва идораларга.

Устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар учун мазкур Низом тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, уларга қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошларни қабул қилиб олиш, сарфлаш, фойдаланиш, ҳисобга олиш ва сақлаш, шунингдек, уларни ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларнинг муомалада бўлишида ҳисобот юритиш бўйича шахсий тартибини ишлаб чиқариш (мустақил равишда ёки мутахассисларни жалб қилган ҳолда) учун хизмат қилади.