Оналик бебаҳо неъмат. Ҳар бир аёл ширин-шакар фарзандларни дунёга келтиришни, уларга бахт беришни хоҳлайди. Кимгадир бу насиб қилган, яна кимлардир тирноққа зор. Самарқанднинг олис қишлоқларидан бирида яшовчи Меҳринисо Баҳромова ҳам барча аёлларга ўхшаб соғлом фарзанд дунёга келтиришни хоҳлайди. Аммо бу ҳамма учун ҳам осон кечмас экан. Сочига оқ ораламай фарзанд доғи нима эканини уч марталаб кўрган онанинг ҳикояси барчамизни мулоҳаза қилишга ундайди.

«Ёшим 39 ёшда. Турмуш қурганимга 11 йил бўлди. Бир нафар қизим бор. Бу йил мактабга чиқади. Қизимдан олдин туғилган уч фарзандим бир ҳафта ҳам яшамай нобуд бўлган. Қонимда торч инфекцияси бўлганлиги учун фарзандларимдан ажралиб қолганман. 3 ойдан сўнг яна фарзандли бўлиш арафасидаман. Жуда қўрқоқ бўлиб қолганман: бунисини ҳам асраб қололмасам-чи? 7 ёшли қизимга ҳомиладорлик вақтимда эрим билан тўлиқ муолажаларни олиб даволанганмиз. Ҳозиргисини ҳам соғлом дунёга келтиришим учун шифокорлар даволанишимни айтишяпти. Аммо...

«Тўйни қайтармоқчи бўлганман»

2009 йил турмуш қурдим. Бошида бунга қарши бўлганман. Чунки унаштирилганимдан кейин эримнинг қўлида нуқсони борлигини билиб қолдим. Эшитишимча, эрим болалигида ёнғоқ дарахтига чиқиб, йиқилиб тушган экан. Шунинг асорати туфайли бир қўлини мустақил ҳаракатлантиролмайди. Бўлган воқеадан хабар топгач, ота-онамга айтганман. Лекин улар гап-сўзга қолмаслик учун тўйни қайтаришмади. Шу тариқа тўйимиз бўлди. Қайнона-қайнотам анча йиллар аввал вафот этишганди. Эрим II гуруҳ ногирони, шу сабабли оғир ишларни қилолмайди.

Эримнинг бу ҳолатига ҳам кўника бошладим. Тақдирим шу экан деб ёруғ кунларга ишонч билан яшадим. 2010 йил ўғил фарзандли бўлдим. Афсуски, туғилганидан 3 кун ўтиб нобуд бўлди. Шундан кейин Самарқанд шаҳрига бориб, скрининг марказида қон топширдим. Менда торч инфекцияси аниқланди. Айнан шу боланинг нобуд бўлишига олиб келган экан. Инфекция менда қандай пайдо бўлганини ҳам билмайман. Балки... турмуш ўртоғимдан юққандир, аниғини билмайман. Текширувдан ўтгач, даволанишим кераклигини айтишди. Шароитимиз туфайли даволанишга имконият тополмадик. 2 йилдан кейин эса қизли бўлдим. Унда ҳам биринчи фарзандимга ўхшаган аломатлар бор эди. Туман туғруқхонасида малакали шифокорлар бўлмагани учун қизимни Самарқанд шаҳрига шифокор кўригига олиб бормоқчи бўлдик. Йўлда кетаётганимизда у ҳам нобуд бўлди...

Ўша пайтда нималарни ҳис қилганимни тасвирлаш жуда қийин. Душманимгаям раво кўрмайман бу кунларни. 2013 йил яна қизли бўлдим. Худога шукурки, у соғлом туғилди. Ҳозир 7 ёшга кирди. Бу қизимга ҳомиладор бўлганимда, ота-онам ўзлари мени Самарқандда  даволатишди. Вақтида муолажаларни олдик. 2015 йил яна фарзандли бўлдим, буниси ҳам аввалгилари каби яшамади.