Ўзбекистон | 15:48 / 22.06.2020
28370
2 дақиқада ўқилади

Вазиятга қараб кириш имтиҳонлари кечиктирилиши ҳам мумкин - ДТМ

2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари муддати 1 августдан бошланиши режалаштирилган. Бироқ ҳозирги вазиятнинг қанча ва қандай давом этиши тест бошланиши муддатига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Миллий матбуот марказида ўтказилган онлайн брифингда ДТМ бўлим бошлиғи Фарҳод Мирзаев жорий йил кириш имтиҳонларини ташкил этиш борасидаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Фарҳод Мирзаев кириш имтиҳонлари 1 августдан бошланиши режалаштирилаётгани, бироқ карантин вазиятига қараб имтиҳонлар кечикиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди.

«2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари муддати 1 августдан бошланиши режалаштирилган. Бироқ ҳозирги вазият қанча ва қандай давом этиши тест бошланиши муддатига ҳам таъсир қилиши мумкин. Бунда карантин чекловлари давомийлиги ва абитуриентларнинг рўйхатдан ўтиш кўрсаткичи ҳисобга олинади», деди ДТМ вакили онлайн брифингда.

Брифингда имтиҳон ўтказиладиган биноларнинг тайёрланиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Маълум қилинишича, ҳар бир бинода бир сменада кўпи билан 754 нафар абитуриент учун жой ажратилади, бинолар кун давомида 4 марта дезинфекция қилинади.

Бундан ташқари, имтиҳонлар учун назоратчиларни саралаб олиш жараёни ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Ҳозирга қадар гуруҳ назоратчилиги учун 5300дан ошиқ назоратчилар таклиф этилган, уларнинг 2000га яқини масофавий тарзда ўқитилди. Имтиҳон бошлангунча 3000 нафар назоратчи саралаб олиниши режалаштирилган», дея қайд этди Фарҳод Мирзаев.

Бундан аввалроқ бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бу йил кириш имтиҳонлари 1 августдан бошланиши режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид