Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом;

Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасидаги маълумотларни қайта ишлашда фойдаланиладиган таснифлагич ва маълумотномалар рўйхати тасдиқланади.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини юритиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базаси солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базаси негизида ташкил этилади ва юритилади;

юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини ташкил этиш, жорий этиш ва келгусида уни юритишни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лойиҳаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Белгилаб қўйилишича, юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базаси давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан идоралараро электрон ҳамкорлик учун зарур бўлган юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар тўғрисидаги ягона маълумот манбаи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларни рўйхатдан ўтказишда фойдаланиладиган таснифлагич ва маълумотномаларни “Электрон ҳукумат таснифлагич ва маълумотномалари реестри” ахборот тизимига жойлаштириш ва ўз вақтида янгиланишини таъминлайди.