«Мамлакатимизда пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш ўринлари яратиш асосий эътиборда. 

Президентимиз ўтган йили Наманган вилоятига ташрифи чоғида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаларига эга бўлишларига кўмаклашиш юзасидан топшириқлар  берган эди. Ушбу вазифалар ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида «Бир жойда - минг оила иссиқхонаси» лойиҳаси амалга оширилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Баланд адир даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдондаги ҳар бири 2 сотихли 1000та иссиқхона лойиҳаси «Голден Натс Наманган» агро томорқа хизмати масъулияти чекланган жамият ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилмоқда.

Ҳозирги кунда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконини берадиган ҳар бири 2 сотихдан бўлган 800 та иссиқхона қуриб эгаларига топширилди. Қолган 200 таси июль ойи охирида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг афзаллиги шундаки, «Бир маҳалла - бир маҳсулот» тамойили асосида бир жойда экспортбоп сифатли маҳсулот етиштирилади, камбағал оилалар доимий даромад манбаларига эга бўлади ва бандлиги таъминлади. Яна бир қулайлиги - маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғит ҳамда бозор таъминоти етакчи тадбиркор томонидан кафолатланади.

Айни пайтда Чортоқ туманидаги 800та камбағал оила аъзоларининг бандлиги таъминланди.

Президентга ушбу лойиҳанинг афзалликлари ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.