Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни ривожлантириш вазирлигининг:

вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларида акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) функциялари амалга оширилаётган давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав фонди (устав капитали), давлат улуши, йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалари, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, ишчи ўринлари сони, корхоналар бошқарув ва назорат органлари таркиби (чекланган ҳолда тарқатиладиган ва тижорат сири мавжуд бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш;

2020 йил якунлари бўйича давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг иқтисодий ва молиявий натижалари, шунингдек бошқа статистик маълумотлар фаолият натижалари тўғрисидаги йиғма ҳисоботни Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий веб-сайтида жойлаштириш;

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти бўлиши, унда иқтисодий, молиявий ва бошқа статистик маълумотларнинг жойлаштирилиши;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларида уларнинг улуши мавжуд бўлган корхоналар, бўш турган, фойдаланилмаётган, носоҳавий активлари ва асосий маълумотларни жойлаштириш талабини киритиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Белгиланишича:

давлат номидан мулкдор (акциядор, таъсисчи) функцияларини бажарувчи вазирлик ва идоралар, шунингдек давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбарлари тегишли расмий веб-сайтларда жойлаштирилиши белгиланган маълумотларнинг тўлиқ ва тўғри жойлаштирилиши учун шахсан масъул ҳисобланади;

Агентлик талабига кўра давлат иштирокидаги корхоналар томонидан улар фаолияти тўғрисидаги маълумот ва тегишли ҳужжатлар уч иш куни ичида тақдим этилиши шарт. Бунда, ушбу маълумотлар ва тегишли ҳужжатлар “Давлат мулки” ахборот тизимига электрон рақамли имзо орқали тақдим этилиши мумкин;

давлат иштирокидаги корхоналар расмий веб-сайтларида маълумотларнинг мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ марта) ўз вақтида ва тўлиқ жойлаштирилмаганлиги ва Агентликка тақдим этилмаслиги ижро этувчи орган раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқишга олиб келади.