Ўзбекистон | 17:46 / 29.06.2020
66868
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилмоқда.

Агентлик Ўзбекистон президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдор бўлади.

Агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади.

Бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат қилиш масалалари ҳам Агентликнинг ваколатлар доирасига киради.

Бундан ташқари, Агентликка давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ҳамда декларациядаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш вазифаси юкланади.

Агентликка халқаро стандартларга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича бошқа бир қатор вазифа ва функциялар юкланади ҳамда уларни амалга оширишда юқори натижадорликка эриши мақсадида Агентлик таъсирчан ваколатларга эга бўлади.

Агентлик ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани шакллантиради ҳамда уни Ўзбекистон президенти ва Олий Мажлис палаталарига киритади.

Коррупцияга қарши курашишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Парламент бошчилигида фаолият юритадиган Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилмоқда.

Мавзуга оид