Тож Маҳал 3 ойлик танаффусдан кейин яна ташрифлар учун очилмоқда
Ҳиндистондаги машҳур Тож Маҳал мажмуаси коронавирус пандемияси сабабли ёпилгандан 3 ой ўтиб 6 июлдан яна ташрифлар учун очилади. Шунингдек, Нью-Деҳлидаги Қизил Фортга ҳам ташриф буюриш мумкин бўлади.
Мажмуага киришни истовчилар ниқобда бўлишлари, 2 метрлик ижтимоий масофага риоя қилишлари ва мармар сиртларга қўллари билан тегмасликлари керак бўлади.
Аградаги машҳур обида пандемия сабабли 3 ой ёпиқ қолганди. Айни вақтда Ҳиндистонда халқаро авиаалоқа тўхтатилган бўлса-да, ҳукумат ички сайёҳлар оммабоп объектларга ташриф буюришларига умид қилган ҳолда ички авиаалоқага рухсат берган.
Тож Маҳалга кунига 5 минг сайёҳ киритилади. Улар иккита – эрталабки ва кундузги оқимга бўлинади. Бу икки оқим орасида мажмуани дезинфекциялаш ва санитар ишлов бериш учун танаффус кўзда тутилган. Таъкидлаш жоиз, пандемиядан олдин авжи паллада мажмуага кунига 80 минг сайёҳ ташриф буюрган. Мажмуа маъмуриятида яқин ҳудуддаги дўконлар ва меҳмонхоналар ёпилгани ҳамда коронавирус кенг тарқалган ҳудудлар борлиги сабабли меҳмонлар кўп бўлишини кутмаётганлари айтилган.
Обидалар очилиши Ҳиндистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайган вақтда юз бермоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 4 июлда Ҳиндистонда касалланаётганлар сони “хавотирли суръатда” кўпаяётганини тан олган. 5 июлда Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда рекорд даражада суткалик касалланиш қайд қилинганини маълум қилган. Сўнгги суткада мамлакатда 24 мингдан кўпроқ янги касалланиш ҳолати қайд қилинган бўлиб, умумий касалланганлар сони 673 мингдан ошиб кетган. Тож Маҳал жойлашган Агра шаҳри эса Уттар-Прадеш штатининг коронавирусдан энг кўп жабр кўрган шаҳри бўлиб қолмоқда. Касалланганлар сони ҳукумат томонидан кўрилган қатъий чекловлар, жумладан ўн минглаб корхоналар ёпилганига қарамай, тез суръатларда ошиб бормоқда.
Мавзуга оид
19:27
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
19:10
Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024