18:45 / 07.07.2020
6589

ОТБдан 500 млн доллар имтиёзли қарз олиш бўйича битимлар имзоланди

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун Осиё тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон Республикасига 500 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини ажратиш бўйича тегишли битимларга имзо чекиш жараёни бўлиб ўтди.

Фото: Молий вазирлиги

Ўзбекистонга имтиёзли қарз ажратиш қарори шу йилнинг 25 июнида ОТБ Директорлар кенгаши томонидан бир овоздан маъқулланган эди.

500 млн доллар миқдоридаги қарз маблағлари 15 йил муддатга (шундан 3 йил имтиёзли давр), либор (6 ойлик, бугунги кунда – 0,4%) + спред (0,5%) йиллик фоиз ставкасида ажратилмоқда.

Молия вазирлиги хабарига кўра, жалб қилинаётган маблағлар вазирлик ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ва давлат бюджетига коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг салбий таъсирини камайтириш чораларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

«Осиё тараққиёт банки қарз маблағларини ажратишдан аввал мамлакатдаги макроиқтисодий ҳолат, шу жумладан давлат қарзига хизмат кўрсатиш хатарларини таҳлил қилди. Таҳлил натижаларига кўра, ОТБ томонидан республика давлат қарзи барқарор ва хатарлар паст даражада деб баҳоланган», – дейилади Молия вазирлиги релизида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top