Kun.uz сайтида Қашқадарё вилояти Касби туманидаги «Дўстлик» маҳалласи фуқароларининг табиий ва суюлтирилган газ билан боғлиқ муаммолари ҳақида мақола эълон қилинганди.

Маҳалла қайси ҳужжатга кўра газдан узиб қўйилган: касбилик қарияларнинг мурожаатига тайинли жавоб йўқ

«Ҳудудгаз Қашқадарё» МЧЖ матбуот хизмати мазкур мақолага муносабат билдирди.

Муносабатда Касби тумани «Дўстлик» МФЙдаги аҳоли хонадонлари, бундан олти йил аввал табиий газ танқислиги сезилгани сабабли, туман ҳокимининг 2014 йилдаги 109-сонли фармойишига асосан, ҳақиқатдан ҳам газ тармоғидан узилгани, ушбу фармойишда ҳар бир истеъмолчи куз-қиш мавсумида ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиб, яшаш шароитларини яратишлари ҳақида ҳам эслатма келтирилгани, ўтган олти йил мобайнида табиий газнинг танқислиги тўғрисида маҳалла аҳлига тумангаз ходимлари томонидан қайта-қайта тушунтириш ишлари олиб борилгани ва ўтказилган мулоқотлар давомида мазкур аҳоли яшаш пунктини табиий газ таъминоти тизимига улаш имконияти йўқлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилиб, белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб борилгани айтилади.

Муносабатнинг тўлиқ матнини бу ерда ўқиш мумкинлигини маълум қилган ҳолда, жавобсиз қолиб кетган айрим масалаларга тўхталишни лозим топдик.

Касби туман ҳокимининг 2014 йил 25 августдаги 109-Ф сонли фармойишига кўра, «Дўстлик» маҳалласининг Хитой, Хўжа-Хитой қишлоқларидаги 246та хонадон газ тармоғидан узилиши кўзда тутилгани тан олинди. Аммо амалда масъуллар томонидан жами 695та хонадон табиий газ тармоғидан узиб ташланган. Шундай экан, ҳокимнинг қарори доирасига тушмаган 449та хонадон нима учун газ тармоғидан маҳрум этилган?

Маҳаллага 50,7 тонна ўрнига 67,2 тонна пропан тарқатилиб, режа 132 фоизга бажарилгани таъкидланган. Муносабатни «Ҳудудгаз Қашқадарё» МЧЖ матбуот хизмати тақдим этаётгани инобатга олинса, бу рақамларнинг ҳаққонийлиги ваколатли органлар томонидан текшириб кўрилмасдан туриб, ишончли бўла олмайди. Чунки режа ҳақиқатан ҳам 132 фоиз бажарилган маҳалладан бундай мазмундаги шикоят келиб тушмаган бўлар эди.