Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда Беларуснинг «Энергетик» клуби ҳужумчиси Жасурбек Яхшибоев Ўзбекистон чемпионати ўйинларида доим ҳам асосий таркибда ўйнайвермас, доим унга нимадир етишмасди. Аммо Беларусдаги легионерлик фаолияти Жасурбек учун жуда омадли кечмоқда. Айни дамда 12та гол билан Беларусь чемпионати тўпурари бўлиб турган Яхшибоев маҳаллий «Прессбол» нашрига интервью берди. Интервью давомида ўзбекистонлик футболчи кўп саволларга қисқа ва аниқ жавоб берган.
– Борган шаҳарларингиз орасида энг чиройлиси қайси?
– Қатар пойтахти Доҳа. Шунингдек, БААнинг йирик шаҳарларидан бири Дубай. Дубай яхшироқ ҳам. Ўта замонавий, осмонўпар ва чиройли бинолари кўп шаҳар. Мен у ерга «Пахтакор» билан ОЧЛ ўйинида ва Ўзбекистон олимпия жамоаси ўртоқлик учрашуви ўтказганида бўлган эдим. Аммо мен учун барибир Тошкентга етадигани йўқ.
– Севимли фильмингиз?
– Кино томоша қилишни унчалик ёқтирмайман. Бўш вақтимда эса футбол томоша қилишни маъқул кўраман. Фантастик фильмлар ҳам кўриб тураман. Масалан, «Марвел». Актёрлардан Том Круз ва Жонни Депп.

– Ёқтирган овқатингиз? Табиийки палов бўлса керак?
– Тўғри. Ўзбекистонда паловни қўй гўштидан тайёрлашади, яна майиз ҳам қўшилади. Сузилган ош устига от гўштидан тайёрланадиган қази ҳам қўйиб беришади. Бу таомни бодринг ва помидордан тайёрланган салат билан есангиз, зўр кетади. Умуман олганда, ўзбек оилаларида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни палов тайёрлаш анъанаси бор. Беларуслар картошкани қанчалик севишса, ўзбеклар паловни шунча яхши кўради.
– Севимли қўшиқчингиз?
– Менга асосан ўзбек қўшиқлари ёқади. Шоҳруҳхон, Муниса Ризаеваларни эшитаман. Улар кўпроқ севги ҳақида куйлашади. Шунингдек, араб қўшиқчилари ёқади. Бу ерда кийиниш хонасида Айк Мусаханян ва африкалик жамоадошларимиз французлар ижросидаги репларни қўйишади. Сўзларини тушунмасам ҳам, оҳанги менга ёқади.
– Севимли байрамингиз?
– Улар аниқ янги йил ёки туғилган кун байрамлари эмас, мусулмонларнинг севимли байрамлари Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, шунингдек, баҳор айёми Наврўз.


















