Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг илк даврида (март-апрель ойларида) кунига 7-8 минг киши тест қилинди. Бу даврда кунлик ўсиш кўрсаткичи ўртача 100та ҳолат эди. Июнь ойи охирига келиб кунлик тестлар сони ўртача 17 мингга етди ва жами тестлар сони 1 миллиондан ошди.
2020 йил 24 июндан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига ихтиёрий мурожаат қилган давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ҳамда фуқароларни ушбу инфекцияга пуллик асосда текширишга рухсат берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида «Тиббиёт дунёси», Swiss Lab, Vitros Diagnostics, «Генотехнология» ва Akfa Medline сингари нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўз лабораторияларида коронавирус инфекциясини пуллик асосда текшириш хизматини ташкил этиш бўйича шартнома имзолагани ҳақида хабар берди.
10 июль куни Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда 9 июль куни 17785та тест ўтказилгани, 10 июль ҳолатига кўра, мавжуд вирусологик лабораторияларда жами 1 млн 377 минг 915 кишидан коронавирусни аниқлаш бўйича намуналар олингани ҳақида маълумот берди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда СЭС марказларида навбатлар катталиги туфайли тест топшириш имконсиз ишга айлангани, «Тошкентдаги тест олиши мумкин бўлган аксарият хусусий клиникалар 10 июль, жума кунидан бошлаб тест олишни ҳам тўхтатгани» ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзбекистонда ўтказилаётган тестлар сони етарли даражадами? Қуйида қўшни мамлакатлар ва бошқа хорижий мамлакатлар билан қиёс келтирилади.
Айни пайтда Ўзбекистон ўтказилган тестлар сони бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистондан кейинги ўринда бормоқда. Қозоғистонда 10 июль ҳолатига кўра, 1 659 543та тест ўтказилган бўлиб, тестлар сони умумий аҳоли сони нисбатига кўра ҳар 11-кишига тўғри келмоқда. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич ҳар ҳар 24-кишига, Қирғизистонда ҳар 27-кишига, Афғонистонда ҳар 493-кишига тўғри келмоқда.













