Ўзбекистон | 11:37 / 12.07.2020
22046
3 дақиқада ўқилади

Вазир карантин даврида хайрия маблағлари сарфланиши шаффоф бўлмаганига изоҳ берди

Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов карантин даврида хайрия пул маблағларининг сарфланиши вазирлик ваколатидаги масала эмаслигини айтди.

Вазир ушбу масалага 12 июль куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ижтимоий тармоқларда Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари томонидан пул маблағлари қабул қилингани ва ушбу маблағларнинг сарфланиши бўйича маълумотлар очиқланмагани ҳақидаги фикрларга нисбатан айтиб ўтишим зарурки, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига пул маблағлари қабул қилинган эмас.

Марказлар томонидан жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳомийлик асосида тақдим этилган фақат озиқ-овқат, тиббий буюмлар ва бошқа зарур маҳсулотлар қабул қилиниб, санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда муҳтож оилаларга етказиб берилди.

Республика махсус комиссиясининг 14-сонли баёни тегишли бандларига асосан, ҳомий ташкилот ва шахсларнинг пул кўринишидаги хайрия маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига ўтказилди. Ушбу маблағлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан зарур жиҳатларга тегишли тартибда йўналтирилмоқда.

Ҳомий ташкилотлар ва фуқароларнинг хайрия пул маблағлари эса Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг республика бошқаруви ҳамда ҳудудий бўлинмалари ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали қабул қилиниши ҳамда ўрнатилган тартибда сарфланиши белгиланди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимидан алоҳида фаолият юритувчи мустақил тузилмадир», – деди Раҳмат Маматов.

Маълумот учун, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди уставида фонд ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат фонди бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари 2 апрелдан 20 майгача иш олиб борди.

Вазирнинг сўзларига кўра, бу вақт оралиғида маҳаллаларда шакллантирилган рўйхат ва колл-марказнинг 1197 қисқа рақами орқали келиб тушган мурожаатлар асосида 9145та маҳаллаларда истиқомат қилувчи 413 072та эҳтиёжманд оилага 49 млрд 910 млн сўм миқдорида ҳомийлик хайриялари етказиб берилган.

Мавзуга оид