Ўзбекистон томонидан битимга Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Жаҳон банки томонидан Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Лилия Бурунчук имзо чекди.

Битим имзолаш маросимида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамжид Хўжаев ҳамда банк ва тегишли идораларнинг бошқа вакиллари иштирок этди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, лойиҳа учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки 276 млн доллар, Халқаро тараққиёт уюшмаси эса 224 млн доллар ажратади.

«2017 йилда Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланиши билан Жаҳон банкининг молиявий ва техник ёрдами сезиларли даражада ошди. Бугунги кунда ташкилотнинг умумий қиймати 4,4 млрд АҚШ долларига тенг 23та лойиҳадан иборат Ўзбекистон бўйича дастури Туркиядан кейин Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастури ҳисобланади», – дейилади расмий хабарда.

Қайд этиш жоиз, қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистон ЯИМнинг 28 фоизини ташкил этади. Соҳанинг умумий экспортдаги улуши 10 фоизга тенг.

Кредит нималарга ишлатилади?

Вазир Сардор Умрзоқовнинг сўзларига кўра, Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган янги лойиҳа Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини бозор ва рақобатбардош тармоққа айлантиришга ҳисса қўшади, шунингдек, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларимизга давлат хизматлари тақдим этилишини сезиларли даражада яхшилайди.

Расмий хабарда қайд этилишича, ушбу лойиҳа туфайли Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги фермерлар ва агро корхоналари вакиллари учун замонавий технологиялар, техник маслаҳатлар, ишлаб чиқариш, агрологистика, фитосанитариянинг турли босқичларида қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш учун зарур ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Натижада, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ўсиши ҳисобига уларнинг ички ва халқаро бозорларда иштироки кенгаяди.