Жаҳон | 08:03 / 13.07.2020
11164
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда пандемия қурбонлари хотирасига мотам куни бошланди

13 июлда Қозоғистонда коронавирусдан вафот этганлар хотирасига мотам куни бошланди. Шу муносабат билан мамлакат бўйлаб барча кўнгилочар тадбирлар ва ОАВда кўрсатувлар намойиши бекор қилинади. 

Бутун мамлакат бўйлаб ва дипломатик ваколатхоналар биноларида байроқлар тушириб қўйилади. Давлат ташкилотлари сайтлари оқ-қора тус олган, соат 12.00 да бутун мамлакат бўйлаб бир дақиқалик сукут сақлаш эълон қилинган.   

Қозоғистонда умуммиллий мотам давлат арбоблари ва миллий қаҳрамонлар вафоти ҳамда кўплаб қурбонларга олиб келувчи ҳодисалар муносабати билан эълон қилинади.

Охирги ҳафтада Қозоғистонда коронавирусдан 111 киши вафот этди. Вируснинг жами қурбонлари сони 375 нафарга етган. Бироқ бу ПЦР-таҳлиллар билан тасдиқланган ҳолатлардир. Ҳақиқатда эса ўлимлар сони кўпроқ бўлиши мумкин. Айни вақтда мамлакатда одамлар коронавирус белгиларига ўхшаш, бироқ коронавирусга таҳлил натижаси манфий чиқаётган зотилжамдан вафот этишмоқда. Худди шунга ўхшаш вазият юзага келган Қирғизистонда ҳукумат нафақат коронавирус, балки зотилжамга чалиниш бўйича маълумотларни эълон қилишга қарор қилди. Аниқланишича, бир суткада зотилжамдан коронавирусдан 6-10 марта кўпроқ одамлар вафот этмоқда. 

Таъкидланишича, Қозоғистонда охирги марта мотам 2019 йил 28 декабрда Олмаота яқинидаги авиаҳалокат қурбонлари хотирасига ўтказилган. Умуман олганда, Қозоғистонда мустақиллик йиллари давомида 9-марта мотам эълон қилинмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 58 мингдан ошиб кетди.

Мавзуга оид