Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Қозоғистонда авж олаётган “номаълум” зотилжам коронавируснинг янги шакли бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Deutsche Welle нашрига таяниб Tengrinews.kz хабар берди.  

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури ижрочи директори Майкл Райаннинг таъкидлашича, “номаълум” зотилжам билан боғлиқ ҳолатлар “нотўғри ташхисланган” бўлиши мумкин.

“Қозоғистонда зотилжамнинг тушунтириб бўлмас авж олиши, эҳтимол, коронавируснинг (COVID-19) янги шакли бўлиши мумкин. У, эҳтимол, шунчаки нотўғри ташхисланган бўлиши мумкин”, деб айтган Райан.

Унинг айтишича, ЖССТ Қозоғистон идоралари билан биргаликда зотилжамга чалинган беморларнинг рентген суратларини коронавирусга мос келишини аниқлаш мақсадида ўрганмоқда. “Соғлиқни сақлаш идоралари нотўғри ўтказилган таҳлиллар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун ўтказилган таҳлиллар ва уларнинг сифатини текширмоқда”, деб қўшимча қилган ЖССТ вакили.

Аввалроқ Хитой оммавий ахборот воситалари Қозоғистонда коронавирусдан ҳам қирғинбаротроқ “номаълум зотилжам” авж олаётганидан огоҳлантирган. 

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлигида ушбу маълумот ишончсизлиги ва ҳақиқатга мос келмаслиги билан изоҳ берилган.

10 июлда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукумат йиғилишида қозоғистонликларнинг “номаълум” зотилжамдан вафот этаётганларидан хавотир билдирган. У бу вазиятни “фавқулодда” деб атаган. У соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цойдан бу ҳақида маълумот беришни сўраган. Тўқаев бу қандай зотилжамлиги, у умуман бор-йўқлиги ва ундан ўлим даражаси қандайлиги билан қизиққан.

Бунга жавобан Цой касаллик бўйича статистик маълумотларни келтириб ўтган. Унинг маълум қилишича, 2020 йилнинг 1-ярмида 98546 та, 2019 йилнинг шу даври давомида эса 63436 та зотилжам ҳолати қайд этилган. Сўнгра у касалликдан ўлим даражаси бўйича маълумотларни тақдим қилган. Цойнинг таъкидлашича, 2020 йилнинг 1-ярмида зотилжамдан 1772 нафар, 2019 йилнинг шу даврида 1780 нафар қозоғистонлик вафот этган. Бироқ 2020 йил июнида зотилжамдан 628 та, 2019 йил июнида эса 274 та ўлим қайд этилган. Яъни 2020 июнь ойида зотилжамдан ўлим даражаси 2,3 баробарга кўпайган.

Бундан ташқари, Цойнинг таъкидлашича, 1 июлдан 8 июлгача 56809 та зотилжам ҳолати қайд этилган. “Яъни бир ҳафта ичида кескин ўсиш қайд қилинган”, деб таъкидлаб ўтган Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири. 

“Бу қандай зотилжам? Унинг табиати қандай?”, деб сўраган шунда Қозоғистон президенти Цойдан.