Жамият | 16:17 / 15.07.2020
71929
3 дақиқада ўқилади

13-14 ёшли қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари кўпайиб бормоқда – Сенат

Сенат кенгашининг навбатдаги мажлисида 13-14 ёшли қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатларининг кўпайиб бораётгани таъкидланди.

Танзила Норбоева бошчилигида видеоконференция тизими орқали ўтказилган Олий Мажлиси Сенати кенгашининг мажлисида эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилган.

«Сўнгги йилларда 18 ёшга тўлмаган қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари ҳам камайиб, 2018 йилда бундай салбий ҳолатлар 1,5 мингдан зиёд бўлган, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 1,2 мингтани ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 231 та эрта туғруқ ҳолатлари қайд этилган.

Олиб борилаётган ишларга қарамай, бу борада қатор муаммолар мавжудлигига урғу берилди. Таҳлилларга кўра, ушбу муаммога, аввало, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва тиббий маданиятининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, вояга етмаган қизлар, айниқса 13-14 ёшли қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатларининг кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолдир», дейилади парламент юқори палатаси ахборот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, эрта ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари кузатилган ўқувчи қизларнинг қарийб ярми ота ёки онасиз оилаларда яшаётганлиги аниқланган. Сенат хабарида оиладаги етишмовчилик, ота-оналарнинг ишсизлиги ёки кам даромад топиши ҳам қизлар тарбиясига салбий таъсир қилаётгани таъкидланади.

«Эрта ва исталмаган туғруқ ҳолатлари, ёшларнинг оилавий муносабатларга тайёр эмаслиги, оиладаги ижтимоий-маънавий беқарорлик каби сабаблар чақалоқлар савдоси жиноятини ҳам келтириб чиқармоқда.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Сенат Кенгаши қарори билан эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 2020–2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг сентябригача республикада Ўзбекистонда 17 ёшгача қизлар ўртасида 50та эрта туғруқ ҳолати қайд этилгани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид