00:15 / 15.07.2020
17524

Энг бой ҳинд Bloomberg’нинг миллиардерлар рейтингида Маск ва Баффеттни ортда қолдирди

Ҳиндистон ва Осиёнинг энг бой одами Мукеш Амбани ўзининг бойлиги қийматини 2 млрд доллардан кўпроққа ошириб, Bloomberg ахборот агентлигининг миллиардерлар рўйхатида 6-ўринга кўтарилиб олди. Рейтинг тузувчилари Амбанининг бойлигини 72,4 млрд долларга баҳолашмоқда.

Фото: Amit Dave / Reuters

Ушбу қиймат Амбанининг йил бошидаги бойлигидан 13,8 млрд доллар кўпроқни ташкил қилади. Бизнесменнинг капитали кўпайишига унга тегишли Reliance Industries холдинги акциялари нархи ошиши олиб келган. Холдинг энергетика, нефть-кимё, чакана савдо, телекоммунация бизнеси каби кўплаб соҳаларда активларга эга. Охирги 3 куннинг ўзида холдинг акциялари Лондон фонд биржасида 9 фоизга, 23 мартдан бери эса деярли 2 карра қимматлашган.

Ушбу кўрсаткич эвазига Амбани Bloomberg Billionaires Index рейтингида Google асосчилари Сергей Брин ва Ларри Пейжни, сармоячи Уоррен Баффеттни ҳамда Tesla асосчиси Илон Маскни ортда қолдирмоқда ва Жефф Безос, Билл Гейтс, Бернар Арно, Марк Цукерберг ва Стив Балмердан ортда қолмоқда.

Шу билан бирга, Амбани Forbes’нинг миллиардер рейтингида 71,4 млрд доллар билан 7-ўринни эгалламоқда ва юқорида тилга олинган етакчи бешликдаги миллиардерлардан ташқари, Oracle асосчиси Ларри Эллисондан (73,3 млрд доллар) ортда қолмоқда. Капитални ҳисоблашда Forbes’дан фарқли методикани қўлловчи Bloomberg рейтингида Эллисон 65,8 млрд доллар билан 11-ўринни эгалламоқда.

 

Top