«Мени бир амаллаб палатага жойлаштиришди, аввалига йўлакка ётқизишмоқчи эди, чунки барча жойлар тўлган. Одамлар йўлакларда ётибди. Ҳатто каравотларда эмас, кушеткаларда», - дея эслайди Жексен.

Қозоғистонда кундан кунга Covid-19 тарқалиши авж олмоқда. «Ҳозир биз уруш ҳолатидамиз», дея вазиятга баҳо берганди мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматнинг жума кунги йиғилишида.

Июль ойи бошида Қозоғистонда вазият ёмонлашгани туфайли қайта карантин жорий этилди. 13 июль куни эса мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар хотираси учун мотам куни эълон қилинди. BBC Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатидаги вазият ҳақида материал тайёрлади.

Душанба куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва ҳукумат аъзолари ижтимоий масофа сақлаган ҳолда пандемия қурбонларини хотирлади

Қозоғистонда ҳақиқий иккинчи тўлқин

Қозоғистон иккинчи марта бутун мамлакат бўйлаб қатъий карантин чоралари жорий этган дунёдаги илк мамлакат бўлди.

5 июль кунидан шаҳарларда жамоат транспорти ҳаракати чекланди, фуқароларга кўчада 3 кишидан кўп бўлиб юриш тақиқланди. Шунингдек, гўзаллик салонлари, кафе ва ресторанлар, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган дўконлар, спорт муассасалари ва савдо марказлари ёпилди, оммавий тадбирлар ўтказилишига рухсат йўқ. Карантинни бузганларга йирик жарималар солинади.

Шу билан бирга, халқаро авиақатновлар тўхтатилмаган, ҳудудлар орасида эркин ҳаракатланиш мумкин.

Бутун республика бўйлаб тўлиқ карантин жорий этилиши ҳақида мамлакат президенти Қосим Жўмарт-Тўқаев 1 июль куни твиттери орқали эълон қилганди. У акс ҳолда август ойида бир кунда қайд этиладиган ҳолатлар сони 27 мингга чиқиши хавфи борлигини маълум қилганди.

Қозоғистонда аввалги карантин 16 мартдан 11 майга қадар амалда бўлганди. Янгиси ҳозирча икки ҳафтага жорий этилган. Аммо Қозоғистонда карантин чоралари юмшатилишни бошланганидан буён касалланиш ҳолатлари сони 5 баробардан кўпроқ ўсди - 9 мингдан 49,6 мингга. Айни вақтда шифохоналарда даволанаётганлар сони (актив кейс) 20 мингга яқинлашган. 11 майгача 32 ўлим қайд этилган бўлса, ҳозирга келиб бу сон 264тага етган.

Мамлакатда 2 июлдан янги ҳолатлар сони кескин ўсиб кетди - 1 июль куни 944 кишида касаллик аниқланган бўлса, бир кун ўтиб бу миқдор 1509тага етди. Кейинги 4 кунда ҳам кунлик ўсиш 1400-1600 орасида бўлмоқда.