Давлат тест маркази ижтимоий тармоқларда кириш имтиҳонларининг катта сиғимли биноларда ўтказилиши коронавирус инфекциясининг кўпроқ тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди.

«Ҳаммага маълумки, тест синовларининг катта сиғимли биноларда ўтказилиши бошланиши билан тест синовлари адолатли ва шаффоф бўлишига эришилди. Тест синовлари 2017 йилгача 1000 дан ортиқ биноларда, хусусан, олий таълим муассасалари, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари биноларида кичик аудиторияларда ўтказилар эди. Бунда тест синовларини Давлат тест маркази томонидан тўлиқ назорат қилиш имконияти йўқлиги ҳар хил коррупцион ҳолатларга олиб келарди.

2018 йилдан эса янги тизимга ўтилиб, тест синовлари катта сиғимли биноларда видеокузатув остида онлайн трансляция қилинган ҳолда ўтказила бошланди», - деб ёзмоқда Давлат тест маркази.

ДТМга кўра, 2018 йилдан жорий этилган тизимда бинолар сони олдингидек кўп бўлмагани учун ҳар бир бинода Давлат тест маркази ходими тест синовларига умумий раҳбарлик қилмоқда ва бу тест синовларининг адолатли ўтишига ёрдам бермоқда.

Бундан ташқари, биноларга киришда шахсни идентификациялаш воситалари ва видеофиксация қурилмаларидан ҳам фойдаланилмоқда.

«2020 йилда ҳам тест синовларини катта сиғимли биноларда видеокузатув остида онлайн трансляция қилинган ҳолда ўтказиш режалаштирилган ва ҳозирги кунда жараённи санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳолда ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун алоҳида талаблар ишлаб чиқилди:

-        тест синови ўтказиладиган ҳудудларга кириш қисмида антисептик воситалар билан жиҳозланган столлар ва бино ичкарисида биринчи тиббий муолажа пункти ташкил этилади;

-        ҳар бир ҳудуд навбатчи тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминланади;

-        тест синовлари ўтказиладиган бинолар ҳар бир сменадан олдин ва кейин шамоллатилади ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари томонидан дезинфекция қилинади;

-        бинога киришдан олдин абитуриентлар дезинфекция йўлагидан ўтказилади;

-        уларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, ҳар бир абитуриент алоҳида янги тиббий қўлқоп ва ниқоб билан таъминланади;