Пардаевга кўра, Сурхондарёда жами 195та тез тиббий ёрдам автомашинаси мавжуд. Тез ёрдам машиналари етишмаётгани сабабли эҳтиёжни қоплаш мақсадида шифокорлар, жисмоний шахсларнинг автомашиналарини шартнома асосида жалб этиш йўлга қўйилган. Ҳозиргача 50 автомашина тез тиббий ёрдам учун ташкил этилган. Яна ташкил этиш давом этмоқда.

Шунингдек, ҳар бир туманда 15та мобил гуруҳлар шакллантирилган. Бу гуруҳларда малакали тиббиёт мутахассислари, СЭО марказлари ходимлари, ИИБ, миллий гвардия вакиллари бор, мазкур гуруҳларга 162та телефон тарқатилган.

ПЗР лабораторияси вилоятда 3та марказда бор. Ҳозиргача 36 040 та тест олиб келинган. Яна 50 000 та буюртма қилинган.

Айни вақтда тест захиралари 12 000 тани ташкил этади. Ҳозирги кунда Шеробод туманида яна бир ПЗР лабораториясини ишга тушириш ишлари кетмоқда.

Коронавирус юқтирган фуқаролар ҳозирда вилоятдаги учта тиббиёт муассасасида даволанмоқда. Бу муассасаларда 270 та ўрин бор. Қўшимча равишда 170 та жой ҳозирланган.

Сурхондарёда коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари сони – вилоят бўйича 1500 нафар.

Вилоятда 594 та дорихона мавжуд. Махсус комиссия томонидан тасдиқланган дори воситаларининг нархлари сунъий тарзда оширилишининг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар томонидан назоратга олинган. Яна 2,6 миллиард сўмлик дорилар олиб келинган бўлиб, ҳудудларга тарқатиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан Россиядан 5 миллиард сўмлик дорилар олиб келинади. Агар яна эҳтиёж пайдо бўлса, қўшимча равишда дорилар келтириш бўйича режа ишлаб чиқилган.

Ҳоким ўринбосари касаллик тарқалишининг олдини олиш нафақат назорат органлари, балки аҳолининг ўзига ҳам боғлиқ эканини, айниқса, бунда жамоатчилик ўрни катталигини эслатиб, аҳолига мурожаат қилди.

Нафақат аҳоли ўртасида, ҳаттоки тиббиёт ходимлари орасида ҳам карантин қоидалари қўпол тарзда бузилаётганига мисол келтирди.

«Жорий йил 11 июль куни Термиз шаҳридаги онкология диспансерида ходимлар тушлик вақтида жамоавий тарзда туғилган кун тадбирини ўтказишган. Ушбу ҳолат тегишли идоралар томонидан ўрганилиб, қатъий чоралар кўрилди.