Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Фарғонада вазият барқарор» — Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги пандемик ҳолат бўйича ахборот берди
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев аҳолига мурожаат қилиб, коронавирус инфекциясини тарқалишининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Ғаниевнинг айтишича, вилоятда коронавирус инфекциясини юқтириб шифохонада даволанаётганлар сони 21 нафар бўлиб, улардан 15 нафари Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида, 6 нафари Сўх туман юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.
Беморлардан 4 нафарининг аҳволи оғир, қолган 17 нафарининг ҳолати қониқарли.
Шу кунгача вирус аниқланган беморларнинг умумий сони 184 нафар бўлиб, соғайганлар сони 171 нафар, ўлим ҳолати битта.
Вилоят бўйича 1138та хонадондаги 1651 киши карантин кузатувига олинган.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, Фарғонада коронавирус инфекцияси таҳлилларини аниқловчи 7та давлат ва 5та хусусий шифохонадаги лабораториялар ишлаб турибди.
«Яна бир муҳим масала, вилоятимизда айни пайтда 2791та жой беморларни қабул қилиш учун тайёр ҳолатда бўлиб, 1 августга қадар тиббиёт муассасалари негизида яна 9600та захира жой тайёрлаб қўйилади», – деди Шуҳрат Ғаниев.
Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида 1224та дорихона фаолият юритаётган бўлса, улардан 229таси ижтимоий дорихоналар ва 13таси кўчма дорихоналардир. Коронавирусга қарши ишлатиладиган 61 турдаги дори воситалари захира қилинган.
«Куни кеча давлатимиз раҳбарининг топшириқларига мувофиқ, вилоятда 3 ойлик захира фондини яратиш учун «Дори-дармон» АЖ, ССБ ва СЕОМга 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди», – дея қайд этди Ғаниев.
Таъкидланишича, вилоятда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг 4300 тоннадан зиёд уч ойлик захираси яратилмоқда.
Ҳоким, пандемия даврида аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда шу кунгача 47 минг хонадонга тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатилгани, ҳудудда биринчи март ҳолатига ижтимоий нафақа олувчилар 41 400 нафарни ташкил этган бўлса, тегишли қарорга мувофиқ, яна қўшимча 27 минг хонадон ижтимоий нафақа олувчилар рўйхатига қўшилганини айтиб ўтди.
Қўшимча қилинишича, Фарғона вилоятида бир ойлик нафақаларнинг миқдори қарийб 23 миллиард сўмни ташкил этмоқда. «Саховат ва кўмак» жамғармасига тушган маблағлар ҳисобидан жами 59 мингта хонадонга бир марталик озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдами берилган.
«Айни пайтда Фарғона вилоятида вазият барқарор. Вилоятда коронавирус тарқалишининг олдини олиш, карантин қоидаларига амал қилиш бўйича аҳоли ўртасида тиббиёт ходимлари, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар ва депутатлар томонидан тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда», – деди Шуҳрат Ғаниев.
Мавзуга оид
09:50 / 12.06.2026
Ички кийимга яширилган гиёҳвандлик моддаси сақловчи капсулалар аниқланди
11:00 / 09.06.2026
Фарғонада Soliq Mobile орқали 3,2 млрд сўмлик кэшбек талон-торож қилинди
15:10 / 20.05.2026
Қўқонда 19 ёшли қиз қотилликка қўл урди
08:45 / 15.05.2026