Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар кўзга ташланиб қолди. Қолаверса, карантин чоралари камбағал қатламнинг молиявий имкониятларини янада пасайтириб юборди. Хўш, вилоятлар кесимида пандемия боис юзага чиққан бу каби муаммолар қандай бартараф этилмоқда?

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовга шу ва бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.

– Тошкент вилоятида йирик тиббиёт муассасалари камлиги боис вилоятликлар Тошкент шаҳридаги шифохоналарга мурожаат қилиб келади. Бу масала ўтган даврлар мобайнида ҳал этилмагани пандемия вақтида ўзининг салбий томонини намоён қилди десак, хато қилмаймиз. Тошкент вилоятида йирик тиббиёт муассасалари етишмаслиги билан боғлиқ муаммога пандемия шароитида қандай ечим топиляпти?

– Бугун раҳбарларнинг биринчи галдаги вазифаси коронавирус таъсирини иложи борича камайтиришдир. Тошкент вилояти 22 тумандан иборат, 3 миллиондан ортиқ аҳолиси бор. Асосан Тошкент шаҳри атрофини эгаллаган. Қолаверса, Қозоғистон билан чегарадош. Қозоғистон, Тожикистондан Ўзбекистонга кирувчи чегаралар вилоятимиз ҳудудидан ўтган. Вилоятда махсус кенгайтирилган штаб тузилган. Унда малакали мутахассислардан иборат гуруҳ ишлаяпти.

Илгари Тошкент вилоятининг маркази Тошкент шаҳри бўлган. Ушбу марказ жойи ўзгартирилди. Бу эса вилоят аҳолисининг муаммоларини ечишга катта ёрдам берди. Тасаввур қилинг: вилоят маркази Тошкент шаҳрида бўлса, барча маъмурий ташкилотлар жойлашса, бугунги аҳвол қандай бўларди? Вилоят касалхоналари ҳам шаҳарда жойлашган эди.

Президент ўтган йили Тошкент вилоятига ташрифи якунида вилоят соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш бўйича топшириқ берди. Бунинг учун 398 млрд сўм маблағ ажратилди. Барча туман тиббиёт бирлашмалари имкониятлари мутахассислар томонидан кўриб чиқилди. Тошкент тумани марказидаги шифохона шароитлари жуда хароб эди. 32 млрд сўмга реконструкция қилинди. Жиҳозланиши эса «Саломатлик» дастури орқали амалга оширилади.

Янгийўл туманининг шифохонаси бўлмаган. Туманнинг Халқобод шаҳарчасида 30 млрд сўмга янги шифохона қурилди, яқинда ишга тушади. Янгийўл шаҳрида эса 14 млрд сўм маблағга юқумли касалликлар шифохонаси қуриляпти. Чиноз туманида 28 млрд сўмга замонавий шифохона бунёд этилди. Оққўрғон, Бўка туманларида янги имкониятларга эга поликлиника қурилди. Ўтган йили соҳага салкам 400 млрд сўм ажратилгани бугун ўз самарасини беряпти.