Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон умумий овқатланиш корхонасини юритувчи ишбилармонлар томонида жуда қизғин қарши олинди.

Чунки президент фармонига кўра, аҳолини қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида 2020 йил охиригача тадбиркорлик субъектлари айрим солиқлардан озод этилмоқда, қатор имтиёз ва енгилликлар тақдим этилмоқда.

Масалан, умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилади.

Фармонда 2021 йил 1 июлга қадар карантин чекловлари бекор қилинишига қараб тадбиркорлик субъектларига автодўкон, автомагазин, автотиркама, автоцистерна ва фудтраклар орқали савдо қилиш ҳуқуқи тақдим этилиши белгиланган.

Шаҳарлардаги умумий овқатланиш корхоналарини анчадан буён қийнаб келаётган масала — истеъмолчиларга овқатланиш ёки ҳордиқ чиқариш хизматларини кўрсатиш учун енгил конструкцияларни жойлаштириш ҳуқуқи ҳам тақдим этилмоқда.

Spot.uz нашри давлат томонидан бундай қўллаб-қувватлашга ҳаётлари давомида илк марта дуч келаётган тадбиркорларнинг фикрларини жамлаб чиққан.

«Умид қиламизки, бу сўнгги қадам эмас. Биз, давлат ва бизнесга нафақат соҳани талафотларсиз сақлаб қолиш, унинг динамик ўсишини давом эттириш учун ҳали кўп ишлар қилиш керак», деб таъкидлаган Yapona Mama ресторанлар тармоғи асосчиси Евгений Пак.

«Шахсан менинг ҳаётимда ҳукумат кичик ва ўрта бизнес вакилларига шунчаки мулоқот таклиф этибгина қолмасдан, фикрларимизга қулоқ тутиб, аниқ ҳаракатлар амалга оширгани биринчи бор рўй бермоқда», — деб ёзган «ЧайКоф» қаҳвахоналари тармоғи бошқарувчи шериги Алина Цимерман ўзининг Facebook’даги саҳифасида.