Орегон штати раҳбарияти ва Конгресс етакчилари Трампдан намойишларни тинчитиш учун Портлендга юборилган махсус кучларни чақириб олишни талаб қилишмоқда. Оқ уй раҳбари эса жавоб тариқасида АҚШнинг бошқа ҳудудларига ҳам бундай қўшинларни юборишини айтди.

Юзи ёпиқ ва ҳеч қандай белгисиз либослардаги махсус бўлинма июль ойи бошидан Орегон штатининг йирик шаҳарларидан бири Портлендда намойишларни тинчитиш билан банд.

Махсус топшириқларни бажарувчи бу ҳарбийлар АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги тасарруфига киради ва унга турли ҳарбий бўлинмаларда хизмат қилган аскарлар қабул қилинган. Бир неча ҳафта давомида улар Портленддаги округ судини ҳимоя қилиб, шаҳар бўйлаб рақамсиз микроавтобусларда патрул уюштиришмоқда. Бу «номаълум аскарлар» либосида фақат «Полиция» ёзуви бор, аммо Америкада қабул қилинган қоидаларга зид тарзда либосларда на исмлар ва на махсус бўлинма номи кўрсатилган.

«Ноқонуний қўлга олишлар»

Портленддаги намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўлланган

Бу «номаълум қўшин» катта можароларга сабаб бўлди. Маҳаллий ҳокимият Трамп аскарларни ортга қайтаришини талаб қилмоқда. Уларнинг фикрича, кўчаларда қайси бўлинма аскари экани маълум бўлмаган юзи ёпиқ аскарларнинг юриши намойишчиларни фақат ғазаблантиради.

Орегон штати прокурори аллақачон АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги устидан одамларни ноқонуний ва агрессив тарзда қўлга олиш айблови билан иш очган. Судга мурожаат қилган баъзи ҳуқуқ фаоллари бу ҳаракатлар одам ўғирлаш билан тенг эканини иддао қилган. Трамп эса уларни «ажойиб аскарлар» деб атаб, намойишлар тўхтамаётган қолган ҳудудларга ҳам шундай гуруҳларни юборишини айтмоқда.

Трамп бу «номаълум қўшинлар»ни юборишни мақсад қилаётган ҳудудлар орасида Нью-Йорк, Чикаго, Филадельфия, Детройт, Балтимор ва Окленд бор. Бу шаҳарларда Трампга мухолиф бўлган демократлар устунлик қилади. Трампнинг айтишича, улар штатларини «аҳмоқона тарзда бошқаришмоқда».

Нега айнан Портленд?

Фото: Reuters

Портлендда ирқий камситиш ва полициянинг зўравонлигига қарши намойишлар 25 майдан буён давом этмоқда. Жорж Флойд ўлдирилган кундан бошлаб бу шаҳарда намойишлар тўхтагани йўқ. Намойишларнинг биринчи тўлқини тугагач, одамлар кундузи асосан тинч намойиш ўтказа бошлашди. Кечаси эса радикал характердаги одамлар безорилик, ҳатто талончилик билан шуғулланишди. Трамп бўлиб ўтаётган бу намойишлар Флойднинг ўлимига алоқадор эмаслиги, радикаллар ундан фойдаланаётганини кўп марта таъкидлади.