Жорий йил 22 май куни Хитой ҳукумати яқин ўтган давр ичида илк марта иқтисодий марраларни кўзлаб режа тузмаслигини эълон қилди. Ҳукуматнинг бу қарорга келиши COVID-19 пандемияси тўзонида пайдо бўлаётган мавҳумлик билан ифодаланиши мумкин. Аммо Пекин Университети ҳамда Карнеги-Шингҳуа Глобал сиёсат маркази вакили Майкл Петтис бунда фикрда эмас.

Майклнинг қайд этишича, ХХР коммунистларининг ушбу қарорга келишини теран англаш учун ялпи ички маҳсулот тушунчаси Хитойда қандай маънога эга эканлиги ва у бошқа давлатлардан қандай фарқланишига разм солиш лозим. Қуйида Майкл Петтис мулоҳазалари ўзбек тилида тақдим этилади. 
Хитойда ЯИМнинг ўзига хос томонлари

Таъкидлаш жоизки, ЯИМ реал иқтисодий қийматни ифода этадиган кўрсаткичлардан бири. Шунга қарамай, барча қиймат келтирадиган ҳаракатлар ЯИМ ҳисоблаш жараёнида инобатга олинмайди, шунинг учун ЯИМда барча иқтисодий картина тўлиқ кўринмайди. Бу дунё давлатларининг барчаси учун умумий муаммо саналса-да, Хитойнинг самарасиз инвестицион дастурлари масаланинг туйнугини очиб қўяди.

Фото: EMMANUEL WONG/GETTY IMAGES

Бундан ташқари, ХХР миллий иқтисодиёти бўйича тарқатаётган маълумотларнинг шаффоф ва аниқ ҳисобланганига шубҳа бор. Балки рақамларнинг пайдо бўлишида бироз волатиллик юзага келар, барибир Хитой ЯИМ ҳисоблаш методологиясига тўлиқ амал қилади, деб бўлмайди.

Қолаверса, ЯИМ чиқим индикатори эмас, балки киримга оид сонларни очиқлайди. Кўпгина давлатлардан фарқли ўлароқ, Хитойнинг ЯИМ кўрсаткичи унинг иқтисодий ўсиш суръати бўйича мақсадлари билан белгиланади. Яъни ҳукумат ташкилотлари, хусусан маҳаллий ҳокимиятлар ҳам ишлаб чиқаришни белгиланган мақсадга мувофиқ бўлишини таъминлашга интилади. Бу Хитойнинг ўсиш режасига доимо эришиб келишини осонроқ тушунишга ёрдам берувчи омил ҳисобланади. Шунингдек, ЯИМ Хитой иқтисодиётининг ҳақиқий ўлчовини эмас, ҳукуматнинг истак-мақсадини ифодалайдиган кўрсаткичга айланганини билдиради.

ЯИМни Хитойдек бошқариш

Назарий жиҳатдан ҳар қандай мамлакат ЯИМни Хитой сингари бошқаришга қодир. Бунинг учун учта шартни бажо келтириш керак.

Биринчидан, у юқори қарз қобилиятига ва ундан фойдаланишга тайёр бўлиши керак. Хитойда ялпи ички маҳсулотнинг ўсишини таъминлаш учун зарур бўлган иқтисодий фаолият қарз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Агар ўз қарзларини тўлаш қобилиятини келтириб чиқарадиган самарали инвестицияларни молиялаштирса, юқори қарз деярли муаммоли эмас (Хитой учун ҳам хос эмас). Аммо, Хитойда бўлгани каби, самарасиз фаолиятни молиялаштириш учун қарздан фойдаланилганда (масалан, банд бўлмаган кўчмас мулкни ривожлантириш) қарз олиш мақсади фақат қарздорликни оширади.