Қўмита хабарига кўра, мурожаатларни ўрганиш жараёнида лавозимини суиистеъмол қилиб, вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашаётган, бу соҳада халққа хизмат қилиш эмас, балки бошқа мақсадда юрган раҳбар ва ходимлар яққол билиниб қолмоқда.
Фарғона вилоятида 5 нафар, Наманган вилоятида 11 нафар, Жиззах вилоятида 1 нафар ҳамда Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий марказининг 1 нафар, жами 18 нафар раҳбар ва ходимлар ишида кўплаб камчиликларга йўл қўйганлиги учун лавозимидан озод этилди.
“Улар орасида куни кеча Фарғонада бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 400 АҚШ доллари талаб қилган Тошлоқ туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассиси, Ўзбек давлат ер тузиш-илмий лойиҳалаш институти “Ўздаверлойиҳа” Фарғона филиали муҳандиси ҳам бор”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, охирги 15 кун ичида «Давергеодезкадастр» қўмитаси тизимидаги 34 нафар раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилди.
«Ҳурматли фуқароларимиз ҳамда тадбиркорларимиз! Агарда Сиз бизнинг хизматларимиздан фойдаланишда муаммо ёки коррупцион ҳолатларга дуч келсангиз, бизга (телеграм бот @ygkuzbot, электрон почта [email protected]) хабар беринг!» - дея якунланган маълумот.















