Ўзбекистон | 02:13 / 25.07.2020
24713
3 дақиқада ўқилади

Кучли карантинга эмас, беморларга шароит яратишга кўпроқ аҳамият бериш керак — Азиза Хўжаева

Иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаеванинг фикрича, ҳозирги вазиятда ўта қатъий карантин ўрнатиш эмас, беморларнинг даволаниши учун шароит яратиб бериш мақсадга мувофиқ.

«Ҳозирги шароитда карантин бўлиши керак. Лекин ниҳоятда кучли карантин қилиш керак эмас. Чунки карантиннинг асосий маъноси йўқотилган. Бошида карантин касалликни тўхтатиш учун қўлланилди. Энди эса касаллик аҳоли орасига тарқаб кетиб бўлди. Ҳар куни эшитиб келяпмиз, кўплаб оилаларда бир киши эмас, оиланинг барча аъзолари коронавирусга чалиниб, тузалиб кетяпти.

Ҳозирга келиб, касаллик тарқалишини тўхтатиб бўлмайди. Яхшиси беморлар учун шароит яратиш керак. Ҳозир апрель ойида бўлганидек кучли карантин ҳеч ҳам керак эмас, бу бизга халал беради. Чунки одамлар ўзи учун ёрдам ола билмай қолиши мумкин – улар касалланса, қон топшириши, шифокорга бориши, текширувлардан ўтиши керак. Агар поликлиникадан тиббиёт ходимлари махсус формада уйма-уй юра олса майли, лекин ҳозир бу уларга оғир, поликлиника хизмати буни кўтара олмайди. Шунинг учун беморлар ўзлари учун енгилроқ йўлни танлаши керак.

Аҳоли орасида касаллик кам бўлса, карантин ўринли бўларди. Лекин ҳозир беморларнинг сони кўпайиб кетди», – деди мутахассис «Тез ёрдам» дастурининг 24 июль кунги сонида.

Вирусолог Дилдора Секлерга кўра, ҳозир беморларни тиббий саралаб олишга диққат қаратиш лозим.

«Кучли карантиндан мақсад нима эди? Биринчидан, аввалига касаллик сони кўп эмас, шунинг учун тўхтатиб туриш керак эди. Иккинчидан, даволаш учун жой тайёрлаб олишга зарурат бор эди.

Ҳозир беморларни тиббий саралаб олишга диққат қаратиш керак. Мисол, «Ўзэкспомарказ»да ҳаммани қабул қилиб, саралайдиган тизим ишга тушяпти. Беморни қабул қилишади, агар унда касаллик енгил ёки ўрта оғирликда бўлса, керакли кўрсатмаларни бериб, уйга юборади. Аҳволи оғирроқ бўлса, шифохонага йўналтиради», деди у.

Мавзуга оид