Сурхондарё ҳокимининг вафоти ҳақида ёлғон маълумот тарқатган шахс жаримага тортилиб, телефони мусодара қилинди
Кеча, 24 июль куни Тошкентда коронавирусдан даволанаётган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган, бунинг ортидан ҳокимлик ахборот хизмати раддия бериб, Боболовнинг ўзи аҳволи яхши эканини айтиб видеомурожаат билан чиққан эди.
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат вилоят прокуратураси томонидан тезкорлик билан назоратга олиниб, терговга қадар текширув ўтказилган ва бу миш-миш «Ҳақиқатчи блогерлар» Телеграм каналида тарқатилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, канални Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимининг шифокор-кардиологи Д.О. юритиб келади. 49 ёшли аёл Сариосиёнинг Шарғун шаҳрида жойлашган поликлиникада даволовчи шифокор сифатида ҳам фаолият юритади.
«Текширишда фуқаро Д.О. ушбу хабарни вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимидан олганини маълум қилиб, ушбу аёлнинг исмини айтмаган. Бегона аёл ўз телефон рақамидан 24 июль куни соат 08:00ларда қўнғироқ қилиб, аввалига муаммолари ҳақида айтган. Кейин эса гўё Сурхондарё вилояти ҳокими вафот этгани ҳақида билдирган.
Шу пайтнинг ўзида Д.О. ўзининг «Redmi NOTE 9» русумли телефон аппаратида ушбу ёлғон (расмий тасдиқланмаган) хабар тўғрисида пост тайёрлаб, Facebook ва Telegram`даги саҳифаларига жойлаштирган.
Текширувда тўпланган ҳужжатлар 24.07.2020 йилда МЖтКнинг 40-(туҳмат) ва 46-моддаси (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш) билан Узун тумани маъмурий судига юборилган ва суднинг шу кундаги қарори билан ҳуқуқбузар Д.О.га нисбатан БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Иш бўйича далил тариқасида олинган «Redmi NOTE 9» русумли уяли қўл телефони маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара қилинди.
Текширувлар давом эттирилиб, Д.О.га қўнғироқ қилиб ёлғон маълумот тақдим этган номаълум аёл – Термиз шаҳар СЭОМ ходими Г.Р. экани аниқланди. Г.Р. ўз тушунтиришида Д.О.га мазкур ёлғон хабарни айтганини билдирди.
Мазкур ҳолат юзасидан Г.Р. га нисбатан МЖтКнинг 40-моддаси (туҳмат) билан маъмурий иш қўзғатилиб тегишли суд органига юборилган.
Сўз эркинлиги конституциявий кафолатланган, аммо у бошқаларнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмаслиги зарур», – дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборотида.
Кеча, 24 июль куни расмий раддия берилиб, ҳокимнинг мурожаати ҳам эълон қилингач, каналдаги нотўғри хабар ўчирилган ва ёлғон маълумот тарқатилгани учун узр сўралган.
Мавзуга оид
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
07:40 / 18.10.2024