Ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (аввалги туман ИИБ)да бўлиб ўтган мажлисдан ёзиб олингани тахмин қилинган овозли хабар тарқалди.

ЎзА'нинг аниқлашича, овозли хабар Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси махсус топшириқлар бўйича инспектори подполковник Фаррух Холовга тегишли.

Овозли хабарда Холов Олмазор тумани фуқароларга нисбатан маъмурий баённома тузишда жуда кам кўрсаткичга эгалиги, натижада бу юқори турувчи раҳбарларни қаноатлантирмаётгани, туман раҳбарлари шаҳар миқёсида ўтказилаётган йиғилишда бунинг учун қаттиқ гап эшитишаётганини таъкидлаган.

Подполковник ушбу камчиликни зудлик билан бартараф этиш учун бугундан бошлаб ҳар бир профилактика инспектори фуқароларга нисбатан турли моддалар бўйича 5тадан маъмурий баённома тузиш бўйича топшириқ берган.

Овозли хабарда, жумладан, шундай дейилади:

«Олмазор тумани ҲПБ (таҳр. – ҳуқуқий профилактика бўлими) бошлиқлари, 1-ГОМ, 2-3-5-6-8-ГОМ (таҳр. – ГОМ – ҳудудий ички ишлар бўлими). Ҳозир селектор тугади, шаҳар раҳбарияти – Вафоев ўтказди (таҳр. – полковник Маҳкам Вафоев, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари). Жуда «жёсткий» бўлди селектор. Сўров қаттиқ бўлади.

Олмазор тумани «вообще» дабдала қилди. Сизларнинг қўл остингизда ходимлар ишлаяптими, «участковый»лар? «Результат» қилмагандан кейин, ҳаммамиз дабдала бўлдик.

Олмазор тумани йўқ, «больше не существует» биз учун деяпти. Ҳозир эшит, диққат билан! Кечқурун ҳам 22:00да селектор, мен кираман. Лекин қайси «ГОМ» «результат» бермаса, мен айтаман ҳозир қанақа «результат»лигини, мен қўйиб бераман. Уч кундан буён «протокол» (таҳр. – ҳуқуқбузарлик учун тузиладиган маъмурий баённома назарда тутилмоқда) бермаяпсизлар.

Майли, ҳеч бўлмаса кундузи 15-20 нафар «участковый» чиқса, иккитадан «протокол» қилса ҳам 40та бўлади. Бало ҳам йўқ. Кеча 11та «протокол», ўтган куни 6та, уч кун олдин 6та.