Интернетда ИИВ ходимларига «план» қўйилиши ҳамда ойликдан кесилиши ҳақида яна бир аудиоёзув тарқалди. Вазирлик расмийси муносабат билдирди
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ИИВ ходимлари қийналиб, ойликлари етмаётгани, мажбурий «план» қўйилиши ҳақидаги аудиолар тарқалмоқда. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов АОКАда ўтказилган брифингда бу борадаги саволларга жавоб берди.
26 июль куни интернетда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, подполковник Фаррух Холовнинг туман ходимлардан иш натижаларини оширишни талаб қилиб йўллаган мурожаати аудиоёзуви тарқалганди.
Унда Холов Олмазор тумани фуқароларга нисбатан маъмурий баённома тузишда жуда кам кўрсаткичга эгалиги, натижада бу юқори турувчи раҳбарларни қаноатлантирмаётгани, туман раҳбарлари шаҳар миқёсида ўтказилаётган йиғилишда бунинг учун қаттиқ гап эшитишаётганини таъкидлаган.
Ғиёсовнинг айтишича, ички ишлар тизими «бундай номақбул иш услубидан аллақачон қутулган».
«Ҳозирда ходимларимизга бундай талаблар қўйилмайди. Агар кимда бу ҳақда маълумот бўлса, 1102 ишонч телефонига қўнғироқ қилишини сўраймиз. Биз ижрочига ҳам, раҳбарига ҳам қаътий чора кўрамиз. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади», дейди у.
28 июль куни эса ички ишлар ходими сифатида гапирган номаълум шахснинг овозли хабари тарқалди. Унда ҳам раҳбарият «10та келтириш»ни (қоидабузарларни Ички ишлар биносига келтириш назарда тутилмоқда - таҳр.) талаб этишини айтиб ўтган. Маълум қилинишича, «12 соатлик иш фаолиятидан сўнг, бўлимга борганда 20 кишидан казармага олиб қолинади».
Овозли хабар эгаси 2 миллион сўмлик ойликнинг 15 фоизи Covid-19 туфайли, 35 фоизи эса Сардоба фожиаси оқибатларини бартараф этиш учун мажбуран олиб қолинганини билдирган.
Тошкент шаҳар ИИББ расмий вакили ушбу аудиоёзув масаласида ҳали расмий изоҳ бермади. ИИВ матбуот котиби эса брифингда шундай масалалар юзасидан умумий муносабат билдирди.
«Ҳозир ҳеч кимга осон эмас. Албатта, бугунги кунда ички ишлар органларига қўйилаётган юклама кўп марта ошган. Бизнинг ходимлар орасида ҳам касалланганлар, карантинда сақланаётганлар ва шу касалликдан вафот этганлар бор. Лекин ички ишлар органлари ходимлари ҳар қандай вазиятда олдиларига қўйилган вазифани бажарадилар, бунга бизнинг куч ва воситаларимиз етарли», деган у.
Шу билан бирга, ойлик камлиги ва ойлик қирқилиши ҳақидаги даволар изоҳсиз қолдирилган.
Мавзуга оид
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
12:01 / 23.07.2024