Эскимослар – шимолий ўлкаларда яшовчи, ташқи олам билан алоқалари жуда суст бўлган, ҳеч кимникига ўхшамайдиган ҳаёт тарзи ва одатларига эга кам сонли миллат.
Эскимослар Гренландия ороли, Канаданинг Нунавут ҳудуди, Аляска ороли ва Чукотка яриморолида истиқомат қилишади.
Эскимос сўзи ҳинду тилидаги «эскиманциг» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «хом балиқ истеъмол қилувчи одам» деган маънони ифодалайди. Бу миллат вакиллари эскалеут тилининг турли диалектларида сўзлашади. Жами вакиллари сони 170 минг киши атрофида.

Эскимослар бир неча оиладан иборат жамоаларга бирлашган ҳолда яшашади. Асосан умумий ов қуролларидан фойдаланишади ва бирга ов қилишади. Ўлжа ҳам ўртада тақсимланади, овда жонбозлик кўрсатган овчининг оиласи нисбатан кўпроқ улушга эга бўлади.
Улар ҳеч қандай бошқарув шаклларига эга эмас, барча масалалар ўзаро маслаҳат асосида ҳал қилинади.


Уларнинг яшаш жойи ўта совуқ ўлкалар бўлгани боис эскимослар табиат шароитларига мослашган ҳолда жон сақлашга ҳаракат қилишади.

Жамоада эркаклар биргаликда ов қилиш ва балиқ тутиш билан, аёллар эса олиб келинган гўштни тайёрлаш, кийим тикиш, болаларни тарбиялаш билан шуғулланишади.

Эскимосларнинг турар жойи ҳам одми ва ўзига хос. Гренландия эскимослари ҳаво ҳарорати нисбатан илиқ мавсумда буғу терисини тортиб тайёрланган чайласимон уйларда, қишда эса қорни пресслаб тайёрланадиган хона – иглуда туришади.

Чукотка, Дания эскимослари эса ёғоч, тош, лойдан ҳам бошпана ясашади. Диаметри ўртача 3-4 метрни ташкил қиладиган уй қисмларга бўлинади, ҳар бир қисмда битта оила – ўртача 10-11 киши истиқомат қилади.



















