Қандай ўзгаришлар киритилди?

Жамоатчиликда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлган 9 моддадан иборат ижтимоий медианинг янги тартиби Туркия парламентининг узоқ музокараларидан сўнг қабул қилинди. Шундан сўнг парламент 1 октябрга қадар таътилга чиқди.

Ижтимоий тармоқ провайдерларининг ўз вакилликларини таъминлаш мажбурияти ва бу билан боғлиқ санкцияларнинг амал қилиш муддати 3 ойга кечиктирилди.

Ижтимоий тармоқда қолдирилган постларни ўчириш ва блокировкалаш юзасидан қилинган фойдаланувчиларнинг мурожаатлари билан боғлиқ илк ҳисоботни Туркия Ахборот ва коммуникация технологиялари маъмурияти (BTK)га тақдим этиш мажбурияти 2021 йилнинг январидан 2021 йилнинг июнига қолдирилди.

Қабул қилинган яна бир таклиф билан томонларнинг IP-манзили, тақдим этилган хизматнинг бошланиш ва якунланиш вақти, фойдаланилган хизмат тури, узатилган маълумотлар миқдори ва абонентнинг шахсий маълумотлари (агар мавжуд бўлса)ни қамраб олувчи «трафик маълумотлари»га «порт маълумоти» ҳам қўшилди.

Бир хил IP-манзил айни вақтнинг ўзида турли фойдаланувчиларга ажратилгани сабабли фойдаланувчиларни бир-биридан фарқлаб олиш ва шу йўл билан эҳтимолий жабрланишларнинг олдини олиш ушбу таклифнинг сабаби сифатида кўрсатилмоқда.

Янги тартибдан кўзланган мақсади нима?

Ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг (АКP) таъкидлашича, ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий зарурати интернет фойдаланувчиларининг шахсий мурожаатлари ёки давлат муассасаларининг билдиришномаларида учрайдиган қийинчиликларни енгиб ўтиш учун ижтимоий тармоқ провайдерлари билан алоқа ўрнатишдан иборат.

Мухолифат партиялар эса ушбу янги тартибга ижтимоий медиа ва фикр эркинлигини бўғиш, деб баҳо бермоқда.

Ижтимоий тармоқ нима, у кимларни қамраб олади?

«Интернетда эълон қилинган постлар ва улар орқали содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилди ва унга «ижтимоий тармоқ провайдери» номи остида янги банд қўшилди.

Унга кўра, фойдаланувчиларнинг интернет муҳитида ижтимоий алоқа мақсадида матн, расм, овоз таркибли постларни яратишларига ва эълон қилишларига имкон берувчи жисмоний ёки юридик шахслар ижтимоий тармоқ провайдерлари деб белгиланди.

Ушбу доирага кундалик ҳаётда «ижтимоий медиа» деб номланадиган Twitter, Facebook, Instagram, Tiktok, YouTube ва WhatsApp каби ижтимоий медиа ташкилотлари киради.