Жамият | 15:39 / 06.08.2020
17726
3 дақиқада ўқилади

Солиқ органи тадбиркордан 6 млрд сўм пулни ноқонуний ундиришга урингани маълум бўлди

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб даврда солиқ бошқармаси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида «Zarafshon Golden Group» МЧЖ жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келди. Ваҳоланки, корхона 110та кам таъминланган оилани қўллаб-қувватлашда ўз ҳиссасини қўшган.

Фото: Shutterstock

Корхонада ишлаб турган 800 нафардан ортиқ ходим ойлик даромадларидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Kun.uz`га маълум қилди.

Қайд этилишича, «Zarafshon Golden Group» МЧЖ томонидан 2019 йил январь-декабрь ойлари учун тақдим этилган қўшимча солиқ ҳисоботларида Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан тавофутлар аниқланиб, қўшимча солиқ ҳисобланган ҳолатда МЧЖ томонидан солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш лозимлиги сўралган.

Мазкур ҳолатда жамият томонидан 2020 йил 12 май куни солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритилиб, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи дастурий таъминот орқали Навоий шаҳар давлат солиқ инспекциясига юборилган. Бироқ, мазкур аниқлаштирилган ҳисоботлар номаълум сабабларга кўра қабул қилинмаган ҳамда «Zarafshon Golden Group» МЧЖ банк ҳисоб рақамига шу куннинг ўзида 4 211 473 028 сўм миқдоридаги ҚҚС ундириш бўйича инкассо тўлов топшириқномаси қўйилган.

«Zarafshon Golden Group» МЧЖ томонидан тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича тушинтириш бериш якунланмасдан туриб, жамият ҳисоб рақамига қўшимча равишда давлат солиқ инспекцияси томонидан 2 496 830 731 сўм миқдорида ҳисобланган ҚҚС ундириш бўйича инкассо тўлов топшириқномаси ҳам юборилган.

Ваҳоланки, Солиқ кодексининг 121-моддаси 8-хатбошида белгиланган ҳолатларда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича солиқ ва пеня суммалари камайтирилганда солиқ органлари мажбуриятга эга шахсларнинг ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган (тўлиқ ёки қисман) инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилиши лозимлиги кўрсатилган.

Шу билан бирга, Молиявий ва солиқ ҳисоботларини алоқанинг телекоммуникация каналлари воситасида давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-бандига кўра, ҳисобот дастлабки тарзда камерал назорат қилинмасдан ва унинг мазмуни муҳокама этилмасдан қабул қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, солиқ органи «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари учун қонун хужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ҳисобот турлари ман этилганига оид талабга ҳам риоя қилмагани аниқланган.

Тадбиркорнинг мурожаатига асосан, президент хузуридаги бизнес-омбудсман девонининг ходимлари томонидан «Zarafshon Golden Group» МЧЖнинг банк ҳисоб рақамига қўйилган 6 млрд сўмлик инкассо қайтариб олиниши таъминланган.

Мавзуга оид