Жамият | 12:40 / 06.08.2020
5289
3 дақиқада ўқилади

Ургутда «Қорадори-2020» тадбири давомида қатор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Барча ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: ИИВ

Самарқанд вилояти бўйлаб “Қорадори-2020” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг 2-босқичи давом этмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2020 йил 5 август куни Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан олинган маълумотга асосан, Ургут тумани Кўтарма маҳалласида яшовчи 1972 йилда туғилган Н.Ж.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, яшаш уйи ҳовлисида 5 метр квадрат ер майдонига баландлиги 4 метр бўлган жами 12 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, хонадонни кўздан кечириш давомида уйининг томидан оғирлиги тахминан 6 килограмм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси ва яшаш уйи ичкарисидан оғирлиги тахминан 100 грамм бўлган каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги уруғлари борлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинди.

5 август куни Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ҳамда ДХХ Ургут шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан олинган маълумотга асосан, Ургут тумани Мирзобоғлон-Чеп маҳалласида яшовчи 1962 йилда туғилган, оилали 7 нафар фарзанди бор З.О. исмли аёлнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, яшаш уйи ҳовлисида экилган помидор ўсимлигининг ичидан 12 туп, узумзори ичидан 4 ҳамда оғилхонасидан 3 туп, жами 19 туп баландлиги 1,50 см бўлган “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида белгиланган тартибда далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Шу куни Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари тезкор ходимлари томонидан олинган маълумотга асосан, Ургут тумани Бешёғоч маҳалласида яшовчи 1979 йилда туғилган Т.Р.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилди.

Ушбу фуқаронинг яшаш уйи ҳовлисидаги узумзори ичида 15 туп ҳамда ҳовлисида экилган олма дарахти остида 1 туп, жами 16 туп бўйининг баландлиги 1 метр бўлган, “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Барча ҳолатлар юзасидан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид