Ўзбекистон | 14:48 / 07.08.2020
3622
2 дақиқада ўқилади

«2020 йил якунигача республикада анклав ҳудудлар муаммоси ҳал этилади» – қўмита раиси

Олий Мажлис Сенатининг 6-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги қонун муҳокамага қўйилди.

Сенатор Фарҳод Боқиев қонунда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

«Ўзбекистонда айни дамда маъмурий-ҳудудий тузилиш, туман ва шаҳар ҳудудларининг чегарасини белгилаш бўйича муаммолар кўп. «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги қонун 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, у 31 моддадан иборат эди ва шундан 15та модда амалда ўз кучини йўқотган.

Aмалдаги қонунда республикада маъмурий-ҳудудий тузилиш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ваколатлари ва вазифалари белгиланмаган, маъмурий-ҳудудий тузилишга доир қарор қабул қилиш учун зарур ҳужжатлар мавжуд эмас, маъмурий-ҳудудий чегараларни жойида белгилаш механизми йўқ», деди у.  

Сенатор Ўзбекистоннинг 6та вилоятида 15та туман ва шаҳарларда жами 350 минг гектардан ортиқ анклав ҳудудлар мавжудлигини айтиб ўтди.

Янги қонунда:

– маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича қарор қабул қилишда давлат органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ кўрсатилган;

– Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалари бўйича давлат экспертизасидан ўтказиш, мазкур масалаларда махсус комиссиялар тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳуқуқий нормалар асосида белгиланган;

– маъмурий-ҳудудий чегараларни жойида белгилашнинг ҳуқуқий асослари кетирилган;

– маъмурий тузилиш соҳасидаги асосий принцип ва тушунчалар алоҳида модда сифатида киритилган.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси раиси Халилуллоҳ Тўрахўжаевнинг маълум қилишича, республикадаги ер ҳисоби, ер ресурслари ҳолати тўғрисида йиллик ҳисобот бериб бориладиган миллий геопортал ишга туширилади.

«2020 йилнинг охирига қадар анклав ҳудудлар муаммоси ҳал қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, битта маҳаллага бириктириладиган хонадонлар сони, маҳаллаларни ташкил этишда давлат бюджетидан маблағ ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилади», дея Тўрахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид